Ўзбекистон | 14:40 / 06.03.2024
7714
9 дақиқада ўқилади

“Замонавийлашаётган” наркотик савдоси ва истеъмоли: хавотирли рақамлар

Ўзбекистонда 2023 йилда гиёҳванд воситалари билан қўлга олинган 30 ёшгача бўлган шахсларнинг 97 нафарини талабалар ташкил қилган. Сўнгги 5 йилда республикада наркотик моддалар савдоси учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга ошган. Ўсмирларни бу хавфдан қандай ҳимоялаш мумкин? Ота-оналар нималарга эътибор бериши керак? Kun.uz мухбири ИИВ Тезкор-қидирув департаменти матбуот котиби, капитан Шокиржон Ҳошимов билан шу ҳақида суҳбатлашди.

Сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар савдоси шаклларининг янгича усуллари пайдо бўляпти: анъанавий наркотиклар ўрнига улардан-да кучли, аммо тарқатиш қулай бўлган дорилар, психотроп моддалар муомалага кириб келди. Авваллари ёшларни фақат қурбон сифатида ўз домига тортган жиноятчилар энди уларни наркотик савдосига ҳам жалб қила бошламоқда.

Гиёҳванд, психотроп ва психофаол моддаларни истеъмол қилиш Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кескин ошган. Хусусан, наркологик ҳисобга олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган гиёҳвандлик воситалари истеъмолчилари 60 фоизга кўпайган.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда республика ҳудудида гиёҳванд, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга, шу жумладан, талабалар 21 фоизга, мактаб ўқувчилари 6 баробарга ошган. Вазиятга айнан қандай омиллар сабаб бўляпти?

— Бунга асосий сабаб сўнгги йилларда бутун дунёда гиёҳвандлик воситалари савдосининг деярли тўлиқ интернетга кўчиб ўтганлигидир. Бугунги кунда гиёҳвандлик ва психотроп воситалар қўлма-қўл савдо орқали етказилмаяпти, барча жараёнлар интернет орқали ҳал қилиняпти: буюртма онлайн келишув билан жўнатиляпти ва интернет орқали тўлов қилиняпти. Жараёнда “товар”ни бир шахс келишилган манзилга яшириб кетади, олувчига локация ҳақида хабар берилади ва харидор уни ўша жойдан олиб кетади. Бундай ҳолатда сотувчи ва олувчи ўзаро дуч келмаслиги сабабли “савдо” хавфсизлиги таъминланади.

Табиийки, интернетдаги асосий контингент ёшлар ҳисобланади. Ҳатто ҳали мактабга бормайдиган болалар ҳам телефондан, интернетдан фойдаланишни яхши билади. Гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир этувчи воситалар ортидан мўмайгина даромад топаман, деб хомхаёлда юрганлар эса ёшларнинг интернетни яхши билишидан фойдаланиб, уларни ўз тўрига илинтириши ҳолатлари кўп учраяпти. Ўтган 2023 йилда бу борада вояга етмаганлар билан боғлиқ 23 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган ва 56 нафар шахс терговга жалб этилган. Бундан ташқари, гиёҳванд воситалари савдоси билан шуғулланиш талабалар ўртасида ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилда гиёҳванд воситалари билан қўлга олинган 30 ёшгача бўлган шахсларнинг 97 нафарини талабалар ташкил қилган.

Ҳозирги кунда шприц ёки илгари биз билган услубдаги гиёҳванд воситалари эмас, балки синтетик, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситалари кўпайганини ҳам бир омил сифатида кўрсатиш мумкин. Чунки бундай дори воситалари у қадар қиммат турмайди, уларни излаб топиш ҳам мураккаб эмас.

Боланинг наркотик истеъмол қилаётганини кўрсатувчи белгилар қандай намоён бўла бошлайди?

— Ота-оналар эътибор бериши керакки, боланинг телефонида турли нотаниш чатлар, ботлар, пана-пастқам жойлар, яъни одам кам юрадиган йўлаклар, дарахтзорлар, болалар майдончаларининг суратлари ва локациялар чиқа бошлайди. Наркотик истеъмол қилаётган бола нарсаларини доимий яширишга интилади, хонасини қулфлаб олади. Кўп пул сўрайди. Уйдан нарсалар йўқолишни бошлайди. Бола доим биров таъқиб қиляпти, деган хавотирда бўлиши каби белгилар кузатилади.

Шунингдек, боланинг ёнидан куйиш аломати бўлган пипетка, ўралган пул купюраси, ялтироқ қоғоз, изолента, зип-пакетлар сингари ноодатий нарсалар кўп чиқади. Ўсмирнинг дўстлари ўзгаради, жаргонга хос сўзлашув услуби пайдо бўлади. Улар наркотик моддаларни ўз номи билан эмас, бошқача сўзлар билан номлаб олади. Бундан ташқари, бола кўп терлайди, терда ўта нотаниш ҳид ҳамда бутун танада ёриқлар пайдо бўлади, сочлар синувчан бўлиб қолади, кўз қорачиғи сезиларли даражада кенгаяди. Иштаҳанинг йўқолиши, доимий чанқоқ ҳолати, уйқусизлик кузатилади. Наркотик ва психотроп моддалар терининг шиллиқ қаватига зарар етказиши сабабли, тез-тез бурун қонаши ҳам юзага келиши мумкин.

Қолаверса, телефон ёки компютерда “ТОР” браузеридан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилади. Ушбу браузер darknet тизимидан (ингл. darknet – “яширин тармоқ”) фойдаланиш имконини беради. Бу тизимда кирувчи ва чиқувчи хабарлар қайси IP-манзилдан келаётганини билиб бўлмайди. Айнан шунинг учун жиноятчилар болалар порнографияси, қурол ва наркотик моддалар савдосида ушбу тизимдан фойдаланади.

Боланинг наркотик ва психотроп моддалар савдоси билан шуғулланаётганини кўрсатувчи белгиларни қандай аниқласа бўлади?

— Бола тунги вақтда хиёбон ёки дарахтзорга кўп қатнаб қолади. Унинг ёнида бесабаб катта миқдорда пул, бошқа одамлар номидаги банк карталари, қиммат буюмлар, кийимлар пайдо бўла бошлайди. Телефонда суратга манзил координаталарини тушириш имконини берувчи махсус иловалар, хусусан, “ViPole”, “Jabber”, “Wechat”, “Signal” кабилар ўрнатилган бўлади.

“Закладка” усулида тарқатиладиган синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари одатда 1 гр миқдорда тақсимланади ва скотч ёки изолента билан қадоқланади. Агар шундай буюмлар боланинг сумкасидан чиқса, бунга гиёҳвандлик воситалари савдосига аралашгани шубҳаси сифатида қараш мумкин.

Фарзанди гиёҳванд ёки психотроп моддалар истеъмол қилаётгани, тарқатаётгани ҳақида шубҳаланаётган ота-оналар нима қилиши лозим?

— Биринчи навбатда, бола билан очиқдан-очиқ гаплашиш керак. Агар ота-онанинг кучи етмаса, психолог ёрдамидан фойдаланиш зарур. Бола бундай моддаларга ружу қўйганини тан олса, дарҳол нарколог мутахассисга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Агар бола бундай моддалар савдоси билан шуғулланаётганини тан олса, дастлаб адвокат билан учрашиб, ота-она ва бола жавобгарлик, сўроқ, тергов, тинтув жараёнлари ҳақида аниқ тасаввурга, йўл-йўриққа эга бўлиши лозим. Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳимояси давлат адвокати томонидан бепул амалга оширилади.

Шу билан биргаликда, ички ишлар органига ҳам мурожаат қилиш керак. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан фаол ҳамкорлик жавобгарликни енгиллатиши, ҳатто бола бутунлай жавобгарликдан озод бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда боланинг шахси тўлиқ ҳимояга олинади: унинг шахсий маълумотлари сир сақланади, суд мажлисларида иштироки камайтирилади, алоҳида қўриқланади. Жиноят кодекси 276-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳванд воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.

Жиноят кодексининг 276-моддасига кўра, гиёҳванд воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, уларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатганлик учун БҲМнинг 50 баробаригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Ўша қилмишлар кўп миқдорда, илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан амалга оширилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Айнан вояга етмаган шахсларни гиёҳванд воситаларини истеъмол қилишга жалб қилган шахслар учун Жиноят кодексининг 274-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган. Гиёҳванд воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш — 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонунчиликка кўра, бундай моддаларни тарқатиш, ташиш, сотиш учун 16 ёшдан жазо белгиланган. Ушбу қилмишни содир этган бола 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Жамоат жойида наркотик моддалар таъсири остида бўлиш учун жавобгарлик белгиланмаган. Агар шундай ҳолат аниқланса, ўша шахс мажбурий даволанишга юборилиб, реабилитация ишлари олиб борилади. Агар бола 16 ёшга тўлмаган бўлса, фарзанд тарбиясига масъулиятсизлик учун ота-она маъмурий жавобгарликка тортилади.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди
Оператор ва монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид