Иқтисодиёт | 14:25 / 10.03.2024
19500
5 дақиқада ўқилади

Bitcoin ва олтин нархи кескин қимматлашди – халқаро молия бозори шарҳи

Ҳафта давомида аксарият қимматбаҳо металлар ўсиш суръатини тақдим этди. Хусусан, олтин нархи 97 долларга қимматлади ва рекордни янгилади. Шунингдек, Bitcoin 8 фоиздан ортиқ, Ethereum эса қарийб 12 фоизга қимматлашди.

Фото: AP

Якунланаётган ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида Федерал захира тизими (ФЗТ) раиси Жером Пауэлнинг АҚШ Конгрессидаги ярим йиллик ҳисоботини келтириш мумкин. Чунки АҚШ ҳукумат вакилларининг ФЗТ раисига берган муҳим саволи, яъни нега инфляция пасайган бир пайтда монетар сиёсатни юмшатиш ҳали ҳам бошланмаганлиги бозор иштирокчиларини жуда ҳам қизиқтираётган эди. Кейингиси эса Қўшма Штатлардаги - ишсизлик даражаси. Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич феврал ойида 0,2 фоизга кўтарилиб, 3,9 фоизни ташкил этган.

Jahon Insights канали экспертлари 4 мартдан 8 мартгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.  

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

S&P500 – 5123,6 (ҳафта бошидан -0,26 фоиз, йил бошидан +7,42 фоиз);

NASDAQ – 18018,4 (ҳафта бошидан -1,55 фоиз, йил бошидан +7,09 фоиз);

DJI – 38722,7 (ҳафта бошидан -0,93 фоиз, йил бошидан +2,72

фоиз).

АҚШ фонд индекслари бир неча ҳафталик мунтазам ўсишдан кейин, март ойининг дастлабки тўлиқ ҳафтасини кичик коррекция билан бошлаб берди. Хусусан, 500 та энг йирик компаниялардан таркиб топган S&P500 индекси 14 пунктга, NASDAQ индекси 285 пунктга, Dow Jones индекси эса 365 пунктга қисқарди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2178,9 доллар(ҳафта бошидан +5,64 фоиз, йил бошидан +5,64 фоиз);
  • Кумуш – 24,3 доллар (ҳафта бошидан +2,37 фоиз, йил бошидан +2,37 фоиз);
  • Алюминий – 2229,6 доллар (ҳафта бошидан 0 фоиз, йил бошидан -6,37 фоиз);
  • Мис – 3,9 доллар (ҳафта бошидан +0,91 фоиз, йил бошидан -0,06 фоиз).

P.S: юқорида қимматбаҳо металларнинг 1 унцияси нархи кўрсатилган.

Аксарият қимматбаҳо металлар ҳафта давомида ўсиш суръатини тақдим этди. Олтин, кумуш ва мис мос равишда 97 доллар, 1,15 доллар ва 0,03 долларга ўсди, Алюминий эса тебранган ҳолда олдинги ҳафта кўрсаткичида ёпилди.

Нефт

  • WTI – 77,78 доллар (ҳафта бошидан -2,47 фоиз, йил бошидан +11,86 фоиз);
  • BRENT – 81,82 доллар (ҳафта бошидан -1,81 фоиз, йил бошидан +8,16 фоиз).

Ҳафта давимида нефтнинг WTI маркаси 1,97 доллар, BRENT эса 1,51 долларга қимматлашди.

Валюталар

  • USD/EUR: +0,89 фоиз (йил бошидан -0,93 фоиз);
  • CNY/USD: -0,15 фоиз (йил бошидан +1,24 фоиз);
  • TRY/USD: +1,65 фоиз (йил бошидан +8,05 фоиз);
  • UZS/USD: -0,02 фоиз (йил бошидан +1,61 фоиз);
  • RUB/USD: -0,95 фоиз (йил бошидан +1,65 фоиз).

АҚШ валютаси коррекция қилган бир пайтда баъзи валюталар позицияларни кучайтиришди. Масалан, рублнинг қиймати 0,95 фоизга, евронинг қиймати эса 0,89 фоизга ўсди. Шунингдек, юан ва сўм қиймати мос равишда 0,15 фоиз ва 0,02 фоизга кўтарилган бўлса, лира қийматсизланишни давом эттириб, 1,65 фоизга пасайди.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 68 314 доллар (ҳафта бошидан +8,21 фоиз, йил бошидан +61,08 фоиз);
  • Ethereum – 3889 доллар (ҳафта бошидан +11,89 фоиз, йил бошидан +70,39 фоиз).

Асосий криптолар сўнгги ҳафта сезиларли ўсиш суръатини тақдим этишди ва тарихий максимумларига янада яқинлашишди. Бир ҳафта ичида Bitcoin 8 фоиздан ортиқ Ethereum эса қарийб 12 фоизга қимматлашди.

Бозорлар ҳақида қисқача

ФЗТ раисининг АҚШ ҳукумат аъзолари олдидаги ҳисоботининг муҳим жиҳати фоиз ставкалари нега ҳали ҳам пасайтирилмаётганига аниқлик киритиш эди. Чунки фоиз ставкалари асосий вазифасини ўтаб, инфляцияни 2 баробар қисқартирди, энди юқори ставкалар иқтисодиётга зарар келтириши эҳтимоли бор бўлиб, хусусий сектор учун ортиқча юкка айланмоқда. Жером Пауэлл эса нарх босими кучлилиги ва инфляция 2 фоиз кўрсаткичидан ҳали етарлича масофада узоқ бўлгани сабабли, ставка бироз вақтлироқ пасайтирилса инфляция назорат остидан чиқиб кетиши хавфи бор, дея амалдорларга жавоб берди. Аммо жума куни маълум бўлган ишсизлик кўрсаткичи ёмон чиққан бўлса-да, бозор иштирокчиларига оптимизм тақдим этди. Чунки ФЗТ раиси бандлик кўрсаткичи ёмонлашса, фоиз ставкалари бироз юмшатилишини айтган эди.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 4 мартдан 8 мартгача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.  

Мавзуга оид