Saudi Aramco раҳбари яшил энергетикага ўтиш хаёлидан воз кечишга чақирди
Унинг таъкидлашича, қазиб олинадиган ёқилғига бўлган талаб яқин йилларда фақат ўсиб боради.
Ҳозирги «яшил энергетика»га ўтиш стратегияси ҳаётий қийинчиликлар туфайли амалда муваффақиятсизликка учрамоқда. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг Saudi Aramco компанияси бош директори Амин Носир маълум қилди.
Нефт гиганти раҳбарининг таъкидлашича, қазиб олинадиган ёқилғига бўлган талаб яқин йилларда фақат ўсиб боради.
«Менинг таклифим шундан иборатки, биз нефт ва газдан босқичма-босқич воз кечиш ҳақидаги хаёлдан воз кечишимиз ва ўрнига уларга сармоя киритишимиз керак», деди Носир Қўшма Штатларнинг Ҳюстон шаҳридаги CERAWeek энергетика конференциясида.
Saudi Aramco бош директори сўнгги 20 йил ичида энергия алмашинувига 9,5 триллион доллардан ортиқ сармоя киритилганига қарамай, муқобил энергия манбалари углеводородлар ўрнини боса олмаётганини таъкидлади. Шамол ва қуёш энергияси ҳозир жами энергиянинг атиги 4 фоизини ташкил қилади, электромобиллар улуши эса 3 фоиздан ошмайди, деб тушунтирди у. Шу билан бирга, XXI аср бошидан бери нефтга бўлган глобал талаб кунига 100 миллион баррелга ошди, деб қўшимча қилди Носир.
Шунингдек, у талаб динамикасига дунё аҳолисининг 85 фоизини ташкил этувчи, бироқ қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга йўналтирилган барча инвестицияларнинг атиги 5 фоизини оладиган ривожланаётган мамлакатлар таъсир қилишини эслатди. Компания раҳбарининг сўзларига кўра, асосий эътиборни нефт ва газдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, улардан атмосферага чиқадиган чиқиндиларни камайтиришга қаратиш зарур.
Мавзуга оид
18:07
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
15:57 / 21.12.2024
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
11:15 / 18.12.2024