Ўзбекистон | 07:50 / 20.03.2024
10173
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Мурувват» уйидаги болалар ҳолидан хабар олди

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли “Мурувват” интернат уйини бориб кўрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев болаларнинг машғулотларини бирма-бир кузатди. Улар билан суҳбатлашиб, меҳрини изҳор қилди. Шароитларни яхшилаб, қулайликлар яратиб, ногиронлиги борларнинг иложи борича ҳаётда ўрин топишига кўмак кўрсатилишини айтди.   

Президент бунда ижтимоий хизмат ходимлари ишини эътироф этиб, болаларга меҳр-муруввати учун миннатдорлик билдирди.

– Болаларимизга яхши қараётганингиз учун катта раҳмат сизларга. Бу оғир меҳнат, лекин жуда савобли ва керакли меҳнат, – деди давлат раҳбари.

Болаларни имкон қадар реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштириш, ота-оналарга психологик ёрдам бериш масалалари бўйича фикр алмашилди. Сўнгги йилларда имконият ва тизим пайдо бўлгани, бошқа ижтимоий муассасалардаги шароитларни ҳам яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Эндиликда “Мурувват” уйлари замонавий реабилитация жиҳозлари билан таъминланиб, ўз ишини янги концепция асосида йўлга қўяди. Унга кўра, болалар индивидуал ривожланиш дастурлари асосида жамиятга интеграция қилинади. Барча “Мурувват” уйларида учрашув хоналари ташкил этилади.

Шунингдек, “Қўллаб-қувватлаш клублари” тузилиб, малакали мутахассислар васийларга ногиронлиги бўлган болани парваришлаш, оила шароитида тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш бўйича билимлар беради. Алоҳида таълимга тавсия берилмаган, оғир даражадаги касалликлари мавжуд болалар учун “Ғамхўрлик гуруҳи” ташкил этилади. Барча ҳудудий реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган болалар учун шундай хизматлар йўлга қўйилади.

Мавзуга оид