АҚШ автомобиллар учун тарихдаги энг қатъий экостандартларни жорий этмоқчи
Америка ҳукумати транспортни электрлаштиришни тезлаштириш ниятида.
Президент Жо Байден АҚШ тарихидаги энг қатъий экологик стандартларни жорий этишга тайёр. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) янги эмиссия стандартлари ишлаб чиқилганини эълон қилди. Дастур 2027 йилдан 2032 йилгача бўлган даврда зарарли моддалар чиқиндиларини деярли 50 фоизга қисқартиришни назарда тутади. Қонун лойиҳасида ички ёнув двигателларига тўғридан-тўғри тақиқ йўқ, бироқ 2032 йилга бориб, азот оксиди ва органик газлар чиқиндилари икки баробарга камайиши керак. Бу ҳақда The New York Times ёзди.
Президент Байден электромобилларга меҳри ўзгача эканини яширмаяпти ва ҳозирги маъмурият атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини кескин кучайтириш учун ҳаракат қилмоқда.
АҚШ президенти ўз олдига мақсад қўйган: 2030 йилга бориб, янги енгил автомобиллар ва енгил тижорат автомобилларининг ярми ички ёнув двигателларидан воз кечиши керак. Байденнинг асосий рақиби Доналд Трамп эса аксинча, агар Оқ уйга қайтса, иқлим дастурларини бекор қилишга ваъда беряпти.
Электр транспорт воситаларининг янги автомобиллар сотувидаги улуши қандай бўлиши кераклиги EPA ҳужжатида кўрсатилмаган бўлса-да, ташкилот яширмайди: енгил автомобилларнинг 30 дан 56 фоизигача ва ўрта юк машиналарининг 20 дан 32 фоизигача тўлиқ электр энергиясига ўтиши керак.
New York Times газетасига кўра, аслида қонун лойиҳасидан ҳозирги кўринишида ҳеч ким мамнун эмас. Экология фаоллари қонун лойиҳаси автомобил саноати ва йирик нефт компаниялари босими остида ёзилган деб қораламоқда. Улар экостандартларнинг янада кучайтирилишини талаб қилмоқда.
Республикачилар қонун лойиҳасига қарши суд жараёнини бошлаш ниятида. EPA вакилининг таъкидлашича, атроф-муҳит стандартларини кучайтириш йиллик соғлиқни сақлаш харажатларини 13 миллиард долларга, бензин ва дизел ёқилғиси харажатларини 46 миллиард долларга тежаш имконини беради.
Мавзуга оид
17:05
АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
15:04
Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Беларусни зудлик билан тарк этишга чақирди
12:27
Ўзи овқатлантириб, ўзи тозалайди: қушлар учун ақлли қафас тақдим этилди
22:10 / 23.12.2024