Ўзбекистон | 20:27 / 26.03.2024
5046
3 дақиқада ўқилади

VEON “Beeline Қирғизистон”даги улушини сотмоқда

VEON ҳолдинги Қирғизистонда Beeline алоқа операторидаги 50,1 фоизлик билвосита улушларини CG Cell Global конгломерати тузилмасидаги компанияга сотмоқда. Изоҳланишича, ҳолдинг асосий эътиборини ўзи фаолият юритаётган каттароқ бозорларга қаратмоқчи.

Фото: Елена Афонина / ТАСС

VEON телекоммуникация холдинги “Beeline Қирғизистон” компаниясидаги улушини CG Corp Global конгломератига тегишли CG Cell Technologies'га сотиш бўйича битим тузганини маълум қилди.

VEON “Beeline Қирғизистон”нинг 50,1 фоиз улушига билвосита эгалик қилади. Олди-сотди жараёнини якунлаш муддатлари очиқланмаган. Битимни Қирғизистон регулятори маъқуллаши керак.

Келишув қиймати ҳам маълум қилинмади. Шу билан бирга, VEON'нинг қайд этишича, бутун корхона 2023 йил учун 3,4 x EBITDA'да баҳоланган. Beeline'нинг Қирғизистондаги EBITDA қиймати 2023 йилда 15 фоизга ошиб, 22 млн долларни ташкил этган. “Beeling Қирғизистон”нинг 2023 йилдаги даромадлари 13,1 фоизга ошиб, 56 млн долларга етган.

VEON бу сотувни ҳолдинг таркибини мақбуллаштириш ва асосий эътиборни компания фаолият юритаётган каттароқ бозорларга қаратиш мақсади билан изоҳлади.

Beeline – Қирғизистонда мобил алоқа хизмаларини тақдим этувчи учта йирик оператордан бири. Қўшни республикада бу бозорда О! ва Megacom провайдерлари ҳам фаолият юритади.

Нидерландияда таъсис этилган VEON телекоммуникация ширкати 6 та мамлакат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон (бу учала мамлакатда – Beeline), Украина (Kyivstar), Покистон (Jazz) ва Бангладешда (Banglalink) мобил алоқа ва интернет хизматларини кўрсатади.

Ўзбекистонда Beeline алоқа операторининг юридик шахси – “Unitel” МЧЖнинг 70 фоиз улуши VEON Uzbekistan Holding B.V., 30 фоизи VEON Central Asia B.V. компанияларига тегишли.

VEON'нинг энг йирик акционери – 47,9 фоиз улушга эгалик қилувчи LetterOne компаниясидир. Яна 8,3 фоиз акция Нидерландияда жойлашган траст фондига тегишли. VEON'нинг қолган 43,8 фоиз акциялари NASDAQ ва Euronext биржаларида эркин муомалада айланади.

Люксембургда жойлашган, технологиялар, соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларида ҳам активларга эга LetterOne инвестиция ҳолдингига россиялик миллиардерлар Михаил Фридман ва Пётр Авен асос солган. Улар Россия Украинага ҳужум бошлагач, 2022 йил март ойида Европа Иттифоқи санкцияларига учрагач, LetterOne'ни тарк этганди.

Мавзуга оид