Жамият | 16:27 / 30.03.2024
10635
1 дақиқада ўқилади

Хоразмда юк машинаси билан тўқнашган Cobalt ҳайдовчиси ҳалок бўлди

Ҳодисага Cobalt ҳайдовчисининг машина бошқаруви пайтида ухлаб қолгани сабаб бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Хоразм вилоятида Isuzu юк машинаси билан тўқнашган Cobalt ҳайдовчиси ҳалок бўлган. ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 28 март куни юз берган.

25 ёшли ҳайдовчи Cobalt билан Бухоро-Нукус йўналишида ҳаракатланаётиб, Тупроққалъа тумани ҳудудидан ўтган йўлда бошқарув пайтида ухлаб қолган. Сўнг ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган Isuzu юк машинасининг орқа қисмига урилган.

Оқибатда Cobalt ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олган ва ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Машина салонида бўлган 31 ва 22 ёшли фуқаролар тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Ҳодиса юзасидан Тупроққалъа ИИБ томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид