Ўзбекистон | 16:34 / 01.04.2024
14173
4 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”: Овозлар сонини сунъий ошириш ҳолатлари текширилмоқда

Баъзи лойиҳалар учун охирги учта рақами бир хил бўлган мобил рақам ёки рақамлардан кетма-кет жуда кўп овоз берилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу борада ўрганиш олиб борилаётганини билдирди. Kun.uz техник камчиликлар аниқланган тақдирда бартараф этилиши, бу каби ҳолатлар кенг аҳоли томонидан ижобий қарши олинган лойиҳанинг келажагига соя солмаслиги зарур деб ҳисоблайди.

Фото: Kun.uz

“Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 1-мавсумида берилган овозлар сони 31 март куни 11 миллиондан ошди. Овоз бериш жараёни 4 апрел соат 23:59 гача давом этади, лекин овозларнинг якуний миқдорида айтарли ўзгариш кутилмаяпти – охирги кунларга келиб, кунлик қўшилаётган янги овозлар сони 100 мингтадан камайган.

Ғолиб чиққан ташаббусларни молиялаштириш учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан жами 3,02 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Лойиҳа фуқароларга ўз ҳудудидаги муаммоларни ўзлари уюшган ҳолда ҳал этиш ва маҳаллий бюджет маблағлари тақсимотида бевосита иштирок этиш имконини бергани билан эътирофга сазовор.

Бу йил жараён ташкилотчиси – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сим-карта сотиб олган ҳолда овоз тўплаш ҳолатларига барҳам бериш учун “Бир фуқаро – бир овоз” тамойилини жорий этди. Яъни бир фуқаронинг номида нечта сим-карта бўлишидан қатъи назар, унинг фақат биринчи берган овози ҳисобга олиниши белгиланди.

Шундай бўлса-да, Kun.uz'га келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим ҳудудларда овоз тўплашда қинғирлик йўлларидан фойдаланилган бўлиши мумкин.

Хусусан, Самарқанд вилояти Пахтачи тумани “Чоргўша” МФЙга тегишли ташаббусга (электр тармоқларини янгилаш) эътибор қаратсак. Бу ерда охирги учта рақами 963 билан тугайдиган мобил рақам ёки рақамлардан кетма-кет жуда кўп маротаба овоз берилган.

Пахтачи тумани “Гўрўғли” МФЙга тегишли лойиҳага (оилавий шифокорлик пунктини капитал таъмирлаш) ҳам охири 113 ва 956 бўлган телефон рақамлардан кўп марта овоз юборилган.

Kun.uz билан суҳбатлашган мурожаатчилардан бирининг айтишича, бу – халқ орасида “воздух” қилиш ёки “накрутка” деб аталадиган усулнинг иш бераётгани билан боғлиқ.

Натижада айрим лойиҳаларда кечқурун 00:00 дан эрталаб 06:00 гача бўлган пайтда ҳам минглаб овозлар қўшилганини кузатиш мумкин.

Kun.uz мухбири билан гаплашган овоз тўплаб берувчи “ҳакер”лардан бирининг сўзларига кўра, овоз бериш бошланган пайтда 1000 та овоз 25-30 млн сўмга баҳоланган, кейинроқ нарх-наво икки баробаргача кўтарилган.

Бошқа бир “ҳакер” эса унда етарлича овозлар қолмагани, лекин у томонидан ёрдам берилган лойиҳалар ўз туманида етакчилик қилаётганини маълум қилди. Ушбу шахслар қандай қилиб овоз тўплаб беришларига аниқлик киритмади.

Шубҳали тарзда овозлар сони ошиб бораётган бир қанча лойиҳалар ҳақида Молия ва иқтисодиёт вазирлиги вакилларига хабар берилди. Бу борада тегишли ўрганиш ишлари бошланган.

Kun.uz “Ташаббусли бюджет”ни амалга оширишда техник камчиликлар борлиги тасдиқланган тақдирда бу камчиликлар бартараф этилиши ва лойиҳа албатта давом эттирилиши лозим деб ҳисоблайди.

Бундай техник камчиликлар ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган бошқа айрим ҳолатлар – солиқ тўловчиларга ўз солиқларидан йиғилган маблағлар қаерга ишлатилишини ҳал этишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини берган лойиҳанинг келажагига соя солмаслиги зарур.

Мавзуга оид