Жаҳон | 21:00 / 03.04.2024
60462
3 дақиқада ўқилади

Forbes 2024 йилда дунёнинг энг бой одамлари рейтингини эълон қилди 

Бернар Арно, Илон Маск ва Жефф Безос дунёнинг энг бадавлат одамлари рейтингида етакчилик қилмоқда. 

Фото: Kevin McGivern for Forbes

Forbes (АҚШ) журнали дунёнинг энг бой миллиардерларининг навбатдаги йиллик рейтингини тақдим этди. 

Рўйхатда биринчи ўринни Louis Vuitton, Fendi, Givenchy, Christian Dior, Hennessy, Dom Pérignon, Tiffany & Co компанияларига эгалик қилувчи LVMH конгломерати раҳбари, француз Бернар Арно эгаллади. У қаторасига иккинчи йил шундай мақомга эга бўлмоқда. 

Forbes журнали Арно бойлигини 233 миллиардга баҳолади ва бу ўтган йилги натижага (211 миллиард доллар) нисбатан 10 фоиздан кўпроқ ўсди. 75 ёшли миллиардернинг асосий бойлиги LVMH акциялари ҳисобланади. 

Рўйхатда иккинчи ўринни, ўтган йилгидек, Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск эгаллади. Forbes унинг бойлигини 195 миллиард долларга баҳолаган. Тадбиркор ўтган йилги натижасини яхшилаган (180 миллиард доллар), бироқ 219 миллиард доллар бойлиги билан рейтингда биринчи ўринни эгаллаган 2019 йилдаги кўрсаткичга эриша олмаган. Маск Tesla акцияларининг 21 фоизига эгалик қилади. 

Кучли учликни Amazon асосчиси Жефф Безос ёпди. У ўтган йилги рейтингга нисбатан ўз ўрнини ўзгартирмади, лекин натижани сезиларли даражада яхшилади: унинг капитали бир йил олдинги 114 миллиард долларга нисбатан 194 миллиард долларга баҳоланди. Миллиардер ўзи асос солган IT гигантининг 10 фоиз акцияларига эгалик қилади. 

Meta раҳбари (Facebook, Instagram ва WhatsApp эгаси) Марк Цукерберг 2024 йилги рейтингда кучли бешликка қайтди. У 177 миллиард доллар бойлиги билан тўртинчи ўринни эгаллади. Бу ўтган йилгига (64,4 миллиард доллар) нисбатан қарийб уч баравар кўп. Цукерберг охирги марта 2021 йилда 97 миллиард доллар бойлиги билан кучли бешликка кирган эди. 

Ниҳоят, бешинчи ўринни дастурий таъминот ва сервер аппаратларини ишлаб чиқарувчи Oracle асосчиси Ларри Эллисон эгаллади. У ўтган йилга нисбатан ўз натижасини яхшилади (107 миллиард доллардан 141 миллиард долларга), лекин умумий рейтингда бир поғонани йўқотди. 

Дунёнинг энг бадавлат тадбиркорлари ўнталигига ўтган йилгидек Berkshire Hathaway раҳбари Уоррен Баффет (6-ўрин, 133 миллиард доллар), Microsoft асосчиси Билл Гейтс (7-ўрин, 128 миллиард доллар) ва корпорациянинг собиқ бош директори Стив Балмер (8-ўрин, 121 миллиард доллар) кирди. Ҳиндистонлик тадбиркор, энергетика, нефт-кимё, телекоммуникация, чакана савдо ва молиявий хизматлар соҳаларида фаолият юритувчи Reliance Industries раҳбари Мукеш Амбани 116 миллиард доллар бойлиги билан рейтингда тўққизинчи бўлди. Юқори ўнталикдан Google асосчиси Ларри Пейж (10-ўрин, 114 миллиард доллар) ҳам жой олди.

Мавзуга оид