Жаҳон | 21:11 / 04.04.2024
26280
2 дақиқада ўқилади

«Крокус»даги терактнинг яна уч нафар иштирокчиси қўлга олинди

Улар теракт ижрочиларини молиялаштиришда, жумладан, қурол ва машина сотиб олиш учун пул ўтказганликда гумон қилинмоқда. 

Фото: Видеодан кадр

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Москва, Екатеринбург ва Омскда «Крокус Сити Холл» биносидаги терактни амалга оширган террорчиларга ёрдам беришда гумон қилинган уч кишини қўлга олганини маълум қилди. 

Ҳибсга олинган икки шахс «Крокус»даги терактни содир этган шахсларга қурол ва машина сотиб олиш учун пул ўтказганликда гумон қилинмоқда. Ишга алоқадор учинчи шахс шерикларни ёллаш ва ижрочиларни молиялаштиришда гумон қилинмоқда. 

Ҳибсга олинган уч киши ҳам Марказий Осиё минтақасидан. Уларнинг исми шарифи ошкор қилинмаган. 

ФХХ «Крокус»даги теракт иши бўйича янги айбланувчилар ҳибсга олингани акс этган видеони тарқатди. Унда икки маҳбус «террорчилик ҳужумига шерик бўлгани учун қамоққа олинганини тан олди», маҳбуслардан бири видеонинг ўзида шундай дейди, иккинчиси нима дегани аниқ эмас. 

22 март куни Москвадаги «Крокус Сити Холл» концерт залида бир гуруҳ қуролланган шахслар отишма бошлади, кейин эса бинога ўт қўйди. Ҳужум учун жавобгарликни «ИШИД Вилояти Хуросон» ўз зиммасига олди. Россия расмийлари теракт ортида Украина турганини даъво қилмоқда. 

Аввалроқ ФХХ теракт жиноят иши доирасида 10 киши ҳибсга олингани, жумладан, 4 нафари бевосита жиноятчилар бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид