Жаҳон | 12:20 / 05.04.2024
2916
2 дақиқада ўқилади

Ҳаага мэриясига Навалний кўчаси ҳақидаги петиция топширилди

Нидерландияда Россия элчихонаси жойлашган кўча номини Алексей Навалний кўчасига ўзгартириш тўғрисидаги петиция шаҳар мэрига тақдим этилди. Уни 85 мингдан ортиқ киши имзолаган.

Фото: AP

Ҳаагадаги Россия элчихонаси жойлашган кўча номини Алексей Навалний кўчасига ўзгартириш тўғрисидаги петиция Нидерландиянинг «сиёсий пойтахти» мэрига 4 апрел, пайшанба куни тақдим этилди. Ушбу янгилик ёзилаётган пайтда мурожаатга 85 584 киши имзо чеккан. Муаллиф, нидерландиялик Лисса Холманнинг сўзларига кўра, бу жамият даражасида тақдим этилган петиция учун деярли йигирма йиллик рекорддир. 

Холманнинг DW нашрига айтишича, ушбу кўчада РФ элчихонасидан ташқари Норвегия элчисининг қароргоҳи ҳам жойлашган. Норвегия элчихонаси жамоат расмийлари кўча номини ўзгартиришга қарор қилса, қарши бўлмаслигини билдирди. Ҳозирда бу 17-асрда яшаб ўтган сиёсатчи, дипломат ва Амстердам мэри Андрис Бикер кўчасидир.

«Ёмонликнинг ғалабаси учун яхши одамларнинг ҳаракатсизлиги етарли» 

Ҳужжатни Ҳаага мэриясида тақдим этишдан олдин шаҳар аҳолиси кичик рамзий акция ўтказди, у ҳам Лисса Холманн ташаббуси билан ташкил этилди. Унинг ўзи Россияга ёки сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ, лекин ҳужжатли филмда Алексей Навалнийнинг сўзлари унда ўчмас таассурот қолдирган: «Ёмонликнинг ғалабаси учун яхши одамларнинг ҳаракатсизлиги етарли». 

«Россия ҳукумати Навалний номини ўчириб ташламоқчи. Бунга йўл қўйиб бўлмайди», - дейди фаол. 

Унинг эслашича, Прага ва Вашингтонда Россия элчихоналари ёнида Борис Немцов майдонлари пайдо бўлган, Вилнюсда Россия элчихонаси жойлашган кўчага Украина Қаҳрамонлари номи берилган. 

Ҳаага мэри Ян ван Занен шаҳар мэриясида кўча номини ўзгартириш тарафдорлари делегациясини қабул қилди ва шу куннинг ўзидаёқ бу масалани шаҳар кенгаши муҳокамасига олиб чиқишга ваъда берди. У имзолар сонидан ҳайратда қолди ва бундай қадамни рамзий деб атади, бироқ турли давлатлар элчихоналари жойлашган шаҳар раҳбари сифатида бетарафлигини эсга олди. 

Мавзуга оид