Ўзбекистон | 12:38 / 08.04.2024
8967
1 дақиқада ўқилади

“Овоз” лойиҳасининг гонорарига салкам 2 млрд сўм ажратилди

Бу Маданият вазирлиги ҳамда “Talent Show” МЧЖ имзолаган шартномада белгиланган. Унга кўра, яқин кунларда фаолиятини бошлаши кутилаётган “Овоз” телевизион лойиҳасининг ташкилотчиларига бюджетдан 1 млрд 989 млн сўм ажратилади.

Фото: Маданият вазирлиги

2 апрел куни “Talent Show” МЧЖ ҳамда Маданият вазирлиги ўртасида имзоланган шартномага кўра, жамият “Овоз” телевизион лойиҳасининг суратга олиш жараёнларида ўз хизматларини кўрсатади.

Давлат харидлари порталида эълон қилинган ҳужжатда ташкилотчиларга 6 ой давомида маълум суммада гонорар тўланиши белгиланган. Шартномада вазирлик бажарилган ишлар учун ҳақ тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши ҳам қайд этилади.

Қайд этилишича, телелойиҳада қатнашувчи 3 нафар устоз учун ойига 38 млн сўмдан жами 684 млн сўм, 1 нафар бадиий раҳбар учун ойига 57 млн сўмда жами 342 млн сўм, 1 нафар мусиқа директори учун 38 млн сўмдан, 228 млн сўм ҳамда 6 нафар созандага 14,5 млн сўмдан жами 522 млн сўм ажратилган.

16 март куни лойиҳанинг расмий тақдимотида унинг илк мавсуми мураббийлари Фаррух Зокиров, Севара Назархон, Тоҳир Содиқов ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбеков бўлиши айтилган.

Мавзуга оид