Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди
Биринчи манзил Фориш туманидаги Basalt Uzbekistan кластери бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрел куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Биринчи манзил Фориш туманидаги Basalt Uzbekistan кластери бўлди.
Фориш ҳудуди бўйича вилоятда энг катта туман. Лекин ердан фойдаланиш самарадорлиги анча паст эди. Адир ва яйловларда, асосан, чорва боқилиб, саноат корхонаси йўқ эди.
Етти йил аввал Форишга саноат кириб келди - Олмоссой конидан базальт тошини қазиб олиб, ундан тола тайёрлаш йўлга қўйилди. Ноёб, инновацион технология асосида қурилиш саноати учун муҳим бўлган арматура ва сеткалар ишлаб чиқарила бошланди.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил январь ойида бу корхонага ташриф буюриб, унинг фаолиятни янада кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шу асосида бозордаги талаб, хомашё олинадиган конлар ўрганилди. Германия, Франция, Италия, Чехия каби давлатлардан энг замонавий технологиялар келтирилди. Натижада 300 гектар майдонда умумий қиймати 498 миллион долларлик олтита лойиҳа ташкил этилиб, корхона кластерга айланди.
Давлат раҳбари хомашё тошлари ва тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.
Кластерда йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола, директ ровинг, фибра, арматура, композит геосетка, қувурлар, мато ва иссиқлик-изоляция плиталари каби 42 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, ўтган йили 45 минг тонна 554 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Уларга дунёда талаб юқори. Маҳсулотларнинг 80 фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинган.
Кластерда 1 минг 700 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.
Мутахассисларнинг айтишича, базальтдан тайёрланган қурилиш материаллари зангламайди. Енгил, лекин мустаҳкам. Бетон қоришмаларининг ишқорли муҳитига, тузли ва кислота аралашмаларига чидамли. Деворга базальт материали ишлатиш мустаҳкамликни оширади, бинода иссиқликни яхши сақлайди. Ёнувчан эмаслиги яна бир муҳим томони. Шу билан бирга, маҳсулот нархи ҳам нисбатан арзон.
Ушбу маҳсулотларни коммунал хўжалиги, автомобилсозлик, тўқимачилик, нефт-газ ва бошқа тармоқларда қўллаш бўйича тақдимот қилинди.
Президент бунинг афзалликларини тадбиркорларга тушунтириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича кўрсатма берди. Янги давлатларга сифат сертификатлари олиб, ташқи бозорга чиқишни янада фаоллаштириш, халқаро қурилиш ва саноат компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Келгуси йил кластернинг корхоналаридан бири – «Басфибер трейд» томонидан йилига 25 минг тонна базальт тошидан тола ва мато ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Ҳозирги пайтда 145 миллион долларлик зарур ускуналар келтирилган. Бу янги лойиҳа асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот ички эҳтиёжни қоплаш билан бир қаторда, 90 фоизи экспортга йўналтирилади.
Мутасаддиларга шу ернинг ўзида 500 миллион долларлик, қўшилган қиймати юқори бўлган 20 турдаги янги лойиҳаларни жойлаштириш вазифаси қўйилди. Натижада қўшимча 2 мингта иш ўрни пайдо бўлади.
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
12:23 / 19.12.2024
Манба: Жиззах вилояти ҳокими ишдан олинган
16:06 / 11.12.2024