Бербок Молдовани ЕИга аъзолик йўлида фаол қўллаб-қувватлашига ишонтирди
Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари сўзларига кўра, Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши «геосиёсий зарурат ва Россиянинг Украинадаги уруши натижасидир». Анналена Бербок Кишинёвнинг ислоҳотлар йўлидаги муваффақиятини юқори баҳолади.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Молдовага Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида қўшимча ёрдам тақдим этишга ваъда берди. Молдовалик ҳамкасби Михай Попшой билан 9 апрел, сешанба куни Берлинда бўлиб ўтган учрашувда у Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилишини «геосиёсий зарурат ва Россия уруши натижаси» деб атади.
Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россиянинг гибрид таҳдидларига, хусусан дезинформацияга дучор бўлган Молдова Европа Иттифоқига кириш учун номзод сифатида ўта оғир шароитларда муҳим ислоҳотларни амалга оширганини юқори баҳолади. Энди бу йўналишни давом эттириш ва «ислоҳот йўлини, айниқса, адлия соҳасида тўхтатмаслик зарур», деди у.
Бербок: Москва молдованларни парчалаш учун ҳамма нарсани қилади
Молдовада бўлажак сайловлар ва Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича режалаштирилган референдум ҳақида гапирар экан, Бербок шундай деди: «Биз аниқ биламизки, Россия сизни парчалаш ва ўз ташвиқотини ёйиш учун ҳамма нарсани қилади».
Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига кўра, эркинликнинг юқори даражаси туфайли демократик давлатлар сайлов кампанияларида айниқса заиф. «Аммо демократиялар ҳимоясиз эмас», - дея ишонтирди Анналена Бербок. Унга кўра, Молдова дезинформацияга қарши кураш маркази Европа Иттифоқи билан биргаликда Россиянинг фейк янгиликлари ва ёлғон риторикасини таҳлил қилиш ҳамда уларга жавоб бериш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича ишлар олиб бормоқда.
Михай Попшой, ўз навбатида, Кишинёв ислоҳотларни амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашда муваффақиятга эришаётганига ишонтирди. «Бизнинг барча фуқароларимиз ўзларини Европа Иттифоқи фуқароларидек ҳис қилади», деди у. Бундан ташқари, Молдова ташқи ишлар вазирлиги раҳбари таъкидлаганидек, бу Кремл Молдова аҳолиси, жумладан, румин ёки рус тилларини биладиганлар ўртасида «гибрид урушнинг барча воситаларидан фойдаланаётганига» қарамай содир бўлмоқда.
Молдова Европа Иттифоқига аъзоликка номзод давлат мақомига эга. 2023 йил охирида Еврокомиссия Кишинёв билан мамлакатнинг ЕИга кириши бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилди.
Мавзуга оид
20:50 / 14.12.2024
Молдова Роман Абрамовични сайловларга аралашишда айблади
10:00 / 13.12.2024
Молдова Россия гази туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди
12:14 / 06.12.2024
ГФР ТИВ раҳбари: Лавровнинг ЕХҲТдаги баёнотлари - чидаб бўлмас ёлғон
10:20 / 26.11.2024