Жаҳон | 22:37 / 11.04.2024
16471
2 дақиқада ўқилади

Эрон Исроилга жавоб зарбасини бериш фикридан қайтиш шартини маълум қилди

Агар БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроил расмийларининг ҳаракатларини қораласа, Эрон Исроилга зарба бериш фикридан воз кечиши мумкин.

Фото: Reuters

«Агар БМТ Хавфсизлик Кенгаши «сионистик режим»нинг Дамашқдаги дипломатик биноларимизга нисбатан берилган тажовузкор зарбасини қоралаганида ва кейинчалик айбдорларни жавобгарликка тортганида эди, Эрон томонидан бу сохта режимни жазолаш заруратининг олдини олиш мумкин эди», дейилади Эрон дипломатик миссияси баёнотида.

Эрон Исроил давлатини анъанавий тарзда «сионистик режим» деб атайди.

1 апрел куни Эроннинг Суриядаги консуллигига берилган ҳаво зарбаси оқибатида бир неча эронлик зобит ва дипломат, жумладан, Эрон ҳарбийларининг элитаси бўлган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори мартабали генераллари ҳалок бўлди.

Эрон ҳужумда Исроилни айблади ва қасос олишга ваъда берди. Исроил зарбалар масъулиятини ўз зиммасига олмади, бироқ, агар Эрон жавоб қайтарса, унинг атом саноати ва атом энергетикаси объектларини ўққа тутишга тайёрлигини маълум қилди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бэрбок эронлик ҳамкасби Ҳусайн Амир Абдуллоҳиённи вазият янада авж олмаслиги учун «максимал вазминликка» чақирди.

Россия ўз фуқароларидан эҳтиёт юзасидан минтақага саёҳат қилмасликни сўради. 

АҚШ президенти Жо Байден Исроилни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. «Биз Исроил хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилиш ниятидамиз», деди Байден.

Мавзуга оид