Жаҳон | 11:05 / 12.04.2024
6712
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон хорижликлар учун бензин нархини оширмоқчи

Қозоғистон ҳукумати чет эл фуқаролари учун 92 ва 93 октанли бензин нархини 205 тенгедан 245 тенгегача (5811 сўмдан 6945 сўмга) оширишни режалаштирмоқда. Бу қарор нефт маҳсулотларининг «кулранг» экспортини чеклаш билан изоҳланган.

Фото: AP

Қозоғистон ҳукумати ички бозорда ёқилғи балансини сақлаш, шунингдек, нефт маҳсулотларининг «кулранг» экспортини минималлаштириш мақсадида 92 ва 93 октанли бензин ва дизел ёқилғиси нархини хорижликлар учун оширмоқчи. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги хабар берди.

«Ҳозирги вақтда нархлар давлат томонидан тартибга солинаётгани туфайли Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари орасида ёқилғи материалларининг нархи энг паст бўлган мамлакат бўлиб турибди. Бу эса нефт маҳсулотларининг бошқа мамлакатларга тарқалиши ва «кулранг» экспорт хавфини келтириб чиқармоқда», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳужжат лойиҳасида 92 ва 93 октанли бензин нархи хорижликлар учун 205 тенгедан 245 тенгегача (5811 сўмдан 6945 сўмга), дизель ёнилғиси нархи 295 тенгедан 315 тенгегача (8363 сўмдан 8930 сўмгача) оширилиши кўзда тутилган.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат фуқаролари учун нархлар ўзгаришсиз қолади.

Маълумот учун, айни пайтда 1 тенге 28,35 сўмни ташкил қилади.

Мавзуга оид