ЕИ Россия учун алоҳида санкциялар режимини тайёрламоқда
Европа Иттифоқи давлатлари Россия Федерациясига қарши янги алоҳида санкциялар тартибини муҳокама қилмоқда. Боррел бу режим тезда тасдиқланишига умид қилмоқда. Улар «репрессив давлат аппарати» ва фуқаролик жамияти вакилларига қарши қарор қабул қилганларга санкциялар жорий этмоқчи.
Европа Иттифоқи Россияга нисбатан алоҳида санкциялар режимини муҳокама қилмоқда. Буни DW нашрига 11 апрел, пайшанба куни Европа Иттифоқидаги бир қатор манбалар тасдиқлади. Таҳририятда мавжуд бўлган ҳужжатга кўра, ушбу режимни яратиш ташаббускорлари Болтиқбўйи мамлакатлари, Полша, Чехия, Руминия, Финландия ва Швеция бўлган. Уларнинг фикрича, Беларус, Эрон, Венесуэла ва КХДР каби муайян давлатларнинг ҳукмрон режимларига қарши бошқа санкция режимларига ўхшаб, Россия Федерациясига қарши санкциялар режимини жорий этиш учун жиддий сабаблар мавжуд.
Россия Федерациясига қарши алоҳида санкциялар режими мамлакат ичидаги вазиятни ёмонлаштириш учун айбдорларни жазолашда қонуний асос яратишга қаратилган. «[Санкциялар] рўйхатига киритиш мезонлари инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви, сиёсийлашган суд тизими ва фуқаролик жамиятига нисбатан репрессия, жумладан, демократия ва қонун устуворлигига путур етказувчи ҳаракатларни қамраб олиши керак», дейилади ҳужжатда. Ташаббускор давлатларнинг ташқи ишлар вазирликлари ушбу санкция режими бўйича рўйхатлар тузишда таклифлар киритишга тайёр.
Масалан, «Россиянинг репрессив давлат аппарати» вакилларига, шу жумладан фуқаролик жамияти ва демократик мухолифат вакилларига нисбатан сиёсий сабабларга кўра суд қарорларини қабул этишда иштирок этган ва кейинчалик уларни қўлга олишда қатнашган шахсларга нисбатан чекловчи чораларни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Улар суд тизими (прокурорлар, судлар, жазони ижро этиш муассасалари) вакиллари». Таклиф 28 феврал куни Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизматига тақдим этилган.
10 апрел куни Европарламентда сўзга чиққан Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел ЕИ давлатлари «Россияга қарши янги алоҳида санкциялар тартиби»ни муҳокама қилаётганини айтди ва бу режим тезда тасдиқланишига умид билдирди. Қарор 6-9 июн кунлари бўлиб ўтадиган Европа парламенти сайловлари олдидан қабул қилиниши кутилмоқда.
Европа Иттифоқининг Россия Федерациясига қарши ҳозиргача 13 та санкциялар пакети киритилган, бироқ уларнинг барчаси Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузиш, унга қарши ҳарбий тажовузни таъқиб этишга қаратилган. Бундан ташқари, россияликлар инсон ҳуқуқларини бузувчилар глобал рўйхатида ҳам бор. Ушбу санкциялар режимига яқинда Алексей Навалний номи берилди.
Мавзуга оид
13:14 / 25.12.2024
El Pais: Киев ЕИдан украиналик қочқинларга тўловларни қисқартиришни сўрамоқда
16:03 / 20.12.2024
ЕИнинг 15 та давлати сурияликларнинг бошпана сўровини кўриб чиқмаяпти
13:52 / 19.12.2024
ЕИ суди Дерипаска ва икки банкни санкциялар остида қолдирди
15:20 / 18.12.2024