Собиқ бош вазир ўринбосари, журналист Эркин Самандар вафот этди
Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари, журналист, ёзувчи, шоир ва драматург Эркин Самандар 89 ёшда эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва драматург Эркин Самандар 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
Эркин Самандар 1935 йил 22 мартида Хоразм вилоятининг Хонқа тумани, Навхос қишлоғида дунёга келган. 1957 йили вилоят Педогогика институтини, 1967 йили ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасини тамомлаган.
У меҳнат фаолияти давомида Хоразм вилояти радиоэшиттириш қўмитаси ўзбек эшиттиришлари таҳририяти муҳаррири сифатида (1959–1961), Ўзбекистон Компартияси вилоят қўмитасида ишлаган (1963–1967; 1990). Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлик» студияси бош муҳаррири (1967–1969), дастурлар директори (1969–1975), адабий-драматик эшиттиришлар бош муҳаррири (1975–1977), «Хоразм ҳақиқати» газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир (1961–1963; 1977–1990), бош вазир ўринбосари (1990–1993) бўлиб хизмат қилган.
Биринчи шеърий тўплами «Аму жилолалари» (1966 йил) номи билан чоп қилинган. Шунингдек, унинг «Дунёнинг ёшлиги» (1968), «Осмон тўла нур» (1970), «Вафо деган гавҳар» (1973), «Менинг йигитлик вақтим» (сайланма, 1979), «Қабул соатлари» (1980), «Соҳилдаги болалар» (1982), «Яблоня во дворе» (Москва, 1982), «Баҳор оқшомлари» (1984), «Щедрост рассвета» (1985), «Севги фасллари» (1987), «Бу боғни қайси боғ дерлар» (1988), «Севги китоби» (1996), «Ва яна баҳор» (2010, Сайёра Самандар билан ҳаммуаллифликда), «Кўнгил ёшлиги» (2010) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Осмоннинг тош тулпори», «Олтин сандиқ», «Қўшиқ излаб», «Самарқандни ошиқлар қурган» каби достонлари, 100 дан ортиқ қўшиқлар муаллифидир.
Эркин Самандар тарихий мавзуда яратилган «Дарёсини йўқотган қирғоқ» (роман, 1989), «Тангри қудуғи» (роман, биринчи китоб 1989), «Қудуқ тубидан садолар» (роман, иккинчи китоб, 1989), «Паҳлавон Маҳмуд Пурёйвалий» (2000), «Султон Жалолиддин» (роман, 2007), «Қуюн юзлари ёхуд Огаҳий» (роман, 2009), «Ғайб қушлари» (роман, қисса ва ҳикоялар, 2011) каби китоблар муаллифи.
Драматург сифатида «Жавоҳир» (мусиқали драма, 1984), «Аждодлар қиличи» (тарихий драма, 1986), «Жалолиддин Мангуберди» («Ёт ҳужра», пьеса, 1988), «Башорат» (мусиқали драма, 1988), «Арабмуҳаммад» (тарихий драма, 1992), «Дилда борим» (мусиқали комедия, 2012) каби саҳна асарларини ёзган. «Аваз Ўтар», «Мадраим Шерозий», «Минг отлилар диёри», «Огаҳий қўлини олган раис», «Хива», «Қум сайли» каби ҳужжатли-публицистик филмлар яратган, кўплаб эсселар ёзган.
Хоразм вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштирилган «Дилда борим» (2012) ва «Жалолиддин Мангуберди» (2019) спектакллари саҳналаштирилган.
Эркин Самандар миллий адабиёт ва журналистикани ривожлантиришдаги самарали ҳиссаси учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1990) фахрий унвони ва «Дўстлик» (2015) орденига сазовор бўлган.
Мавзуга оид
18:40 / 21.12.2024
Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга таъзия йўллади
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
22:01 / 04.04.2024
Болалар шоири ва ёзувчиси Раим Фарҳодий вафот этди
14:16 / 14.06.2023