Ўзбекистон | 10:51 / 16.04.2024
8750
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон армияси штаб бошлиғи Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрди

Кеча Ҳиндистон Қуролли кучлари Қуруқликдаги қўшинлари штаб бошлиғи генерал Манож Панденинг Ўзбекистонга тўрт кунлик ташрифи бошланди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" хабарига кўра, Ҳиндистон армиясининг юқори мартабали вакили Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида қабул қилинди.

Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов билан учрашув доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, бугун "Термиз" полигонида бошланган қўшма ҳарбий машғулотлари бешинчи босқичининг бориши муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Ҳиндистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида бўлиб, у ердаги тарихий экспонатлар билан танишди.

Генерал Манож Панде ташриф доирасида Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясида Ҳиндистон кўмагида ташкил этилган ахборот технологиялари лабораториясининг очилиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда. У "Термиз" полигонида ўтказилаётган "Дўстлик-2024" бешинчи Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳарбий машғулотларини кузатади ва кўҳна Самарқандга ташриф буюради.

Ҳиндистон Қуролли Кучлари армияси генерали, шунингдек, Тошкентда Ҳиндистоннинг собиқ бош вазири Лал Баҳодур Шастри хотирасига ҳурмат бажо келтиради ва Ғалаба боғини зиёрат қилиб, Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини қайд этади.

Мавзуга оид