Жамият | 14:15 / 23.04.2024
21231
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ўқитувчи дарс тайёрламай келган 1-синф ўқувчиларига стул кўтартирди

Зарбдор туманидаги 5-мактабда инглиз тили ўқитувчиси дарс тайёрламай келган 13 нафар ўқувчига стул кўтартириб, видеони ота-оналар гуруҳига юборди. ИИБ ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб бормоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги мактабда таҳсил олаётган 1-синф ўқувчилари стул кўтариб турганликлари акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўз кузатувига олди.

Аниқланишича, шу йилнинг 22 апрел куни Зарбдор туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабда 1-«А» синфга ўтилаётган инглиз тили дарсида ўқитувчи Р.Т. (1999 йилда туғилган) ўқувчилардан уйга берилган вазифаларни сўраган. 

6 нафар ўғил ва 7 нафар қиз болаларини дарсга тайёргарлик кўрмасдан келганликлари туфайли гўёки тарбиявий чора деб синф хонасидаги ўзлари ўтирган стулларни кўтаришга мажбур қилган. Ушбу ҳолатни ўзининг телефон аппаратида видео тасвирга олиб, “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали шу мактабнинг ота-оналар гуруҳига юборган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Зарбдор тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болаларга нисбатан турли шаклдаги зўравонлик ёки зўравонликка таянган тарбия чораларини, жумладан, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш қонунан тақиқланган ва тегишли жавобгарликка асос бўлади.

Болалар омбудсмани бу ҳолат бўйича болалар манфаатлари юзасидан ўз кузатувини давом эттиради, дейилади хабарда.

Мавзуга оид