Жамият | 19:00 / 25.04.2024
6422
3 дақиқада ўқилади

Халқ банкининг “Хазна” мобил иловачи фойдаланувчилари 1 млн 400 мингга етди

2023 йилда ушбу илова орқали ёшларнинг “Халқаро имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш” учун 17 млрд сўмлик маблағ йўналтирилган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: Халқ банки

24 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Халқ банкида 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби, 2024 йил учун белгиланган режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банкнинг 2023 йилдаги натижалари ва 2024 йил учун долзарб вазифалари муҳокама қилинди.

Халқ банки Бошқаруви Раиси биринчи ўринбосари Зафар Азимов 2023 йилда банкнинг трансформация жараёни ҳақида маълумот берди:

“2023 йилда Халқ банкини трансформация қилиш жараёнининг муҳим даврини ўтказдик. Бу борада Осиё тараққиёт банки билан стратегияни жорий қилиш бўйича битим имзоланиб, 10 та халқаро эксперт жалб этилди ҳамда 17 та стратегик йўналишда ҳамкорлик қилиш келишиб олинди.

Бундан ташқари, “Хазна” мобил иловасини юклаб олган жами фойдаланувчилар сони 1 млн 400 мингга етди. Ушбу илова орқали Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда  республикамиз ёшларига “Халқаро имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш” тизимидан фойдаланиш имконияти тақдим этилди. Мазкур хизматдан фойдаланиб, исталган вақтда, банкка келмасдан маблағни банк картасига юклаб олиш мумкин. 2023 йилда 9 654 нафар ёшларнинг 17 млрд сўмлик маблағлари қоплаб берилди”, - деди у.

Матбуот анжуманида Халқ банки тизимида бизнес жараёнлар оптималлаштирилиши натижасида аҳоли ва мижозларга кўрсатилаётган хизматларни автоматлаштириш, кўламини кенгайтириш ҳамда сифат даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишлар муҳокама қилинди.

Жорий йилда аҳолида молиявий саводхонликни ошириш мақсадида шу мавзудаги китобларни нашр эттириш ва китобхонларга тақдим этиш учун янги лойиҳани йўлга қўймоқда.

“Республикамиз аҳолисида ҳам молиявий саводхонлик даражасини, ҳам китобхонликни ошириш мақсадида Халқ банки “Asaxiy Books” лойиҳасига билан биргаликда молиявий ҳамкорлик шартномасини имзолаганмиз.

“Asaxiy Books”нинг 20та бестселлер асарлари Халқ банки ҳомийлигида нашр этилишида ҳомийлик қилди. Бу лойиҳанинг давоми сифатида эндиликда молиявий мазмундаги китобларни нашр этишда ҳамкорликни режалаштирганмиз.

Биз ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, улар китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада кўтаришга ва молиявий саводхонлигини оширишга ўз ҳиссамизни қўшиш истагидамиз”, - дея таъкидлади банк Ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова.

Халқ банки тизимида бизнес жараёнлар оптималлаштирилиши натижасида аҳоли ва мижозларга кўрсатилаётган хизматларни автоматлаштириш, кўламини кенгайтириш ҳамда сифат даражасини ошириш бўйича қатор ишларни амалга ошириш давом этмоқда.

Тадбирда журналист ва блогерлар ўз саволларига банк мутасаддиларидан жавоб олишди.

Реклама

Мавзуга оид