Жаҳон | 08:34 / 26.04.2024
4133
3 дақиқада ўқилади

18 мамлакат етакчилари ҲАМАСни гаровдагиларни озод қилишга чақирди

18 давлатнинг қўшма баёнотида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув зудлик билан ва доимий ўт очишни тўхтатишга олиб келиши ҳамда қўшимча инсонпарварлик ёрдамини осонлаштириши айтилган.

Фото: Amir Levy/Getty Images

АҚШ, Германия ва яна 16 давлат Фаластиннинг ҲАМАС ташкилотини Ғазо секторида 200 кундан ортиқ гаровда ушлаб турилганларни озод қилишга чақирди. Бу ҳақда 25 апрел, пайшанба куни Оқ уй сайтида чоп этилган қўшма баёнотда айтилади.

АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шолцдан ташқари уни Австрия, Аргентина, Бразилия, Болгария, Британия, Венгрия, Дания, Испания, Канада, Колумбия, Полша, Португалия, Руминия, Сербия, Таиланд ва Франция раҳбарлари имзолади.

«Биз Ғазода 200 кундан ортиқ вақтдан бери ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилган барча шахсларни зудлик билан озод қилишга чақирамиз. Улар орасида фуқароларимиз ҳам бор. Ғазода гаровга олинганлар ва халқаро ҳуқуқ ҳимоясида бўлган тинч аҳолининг тақдири халқаро миқёсда ташвиш уйғотмоқда», - дейилади баёнотда. 

Ҳужжатда қайд этилишича, бундай келишув зудлик билан ва доимий ўт очишни тўхтатишга олиб келади, қўшимча инсонпарварлик ёрдами ҳажмини оширишга ёрдам беради ва ҳарбий ҳаракатларни тугатишга туртки бўлади. 

«Биз яна бир бор ҲАМАСни гаровга олинганларни озод қилишга ва инқирозни ҳал этишга чақирамиз, шунда диққатимизни минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратишимиз мумкин», деди 18 давлат етакчилари. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид