Жаҳон | 12:26 / 30.04.2024
7697
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ИИВ собиқ раҳбари 2022 йилги намойишлар иши бўйича қўлга олинди

Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев оғир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланмоқда.

Фото: gov.kz

Қозоғистонда мамлакатнинг собиқ ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев қўлга олинди. Бу ҳақда 30 апрел, сешанба куни эрталаб Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар бериб, ушлаш 29 апрел куни «2022 йил январ ойи воқеалари бўйича жиноий ишларни тергов қилиш доирасида» амалга оширилганини билдирди.

Аниқланишича, Турғумбаев оғир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Прокуратура «жиноят ишида давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бор» деб, дастлабки терговнинг бошқа маълумотларини ошкор этмади.

2022 йил январ ойида Қозоғистондаги намойишлар

2022 йил бошида Қозоғистон жануби-ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида газ нархи ошишига қарши митинглар бошланди. Кўк ёнилғи нархи ошишига қарши намойишлар Жанаўзенни ўз ичига олган Манғистау вилоятининг бир қанча қишлоқларида ҳам бўлиб ўтди.

Намойишлар тез орада бутун мамлакат бўйлаб иқтисодий ва сиёсий талаблар билан оммавий норозилик намойишларига айланди. Баъзи вилоятларда 5 январга ўтар кечаси маъмурий бинолар, полиция бўлимлари ва дўконларга ҳужумлар уюштирилди. Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри - Олмаота энг кўп зарар кўрди.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида 225 киши, жумладан, 19 ҳуқуқ-тартибот идораси ходими ҳалок бўлган, 4500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Биргина собиқ пойтахтнинг ўзида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бўйича 2700 дан ортиқ одам қўлга олинган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. 6 январ куни унинг илтимосига кўра, «террорчилик таҳдидини енгиш» учун қуролли контингент Қозоғистонга етиб келди. Январ ойи ўрталарида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қўшинлари бўлинмалари Қозоғистонни тарк этди.

Қозоғистон собиқ мудофаа вазири Мурат Бектановга ҳукм

2023 йил мартида Қозоғистонда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектановга нисбатан 2022 йил январидаги қонли тартибсизликлар бўйича айблов ҳукми чиқарилган эди. У жанговар вазиятда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.

2022 йилнинг 19 январида Бектанов лавозимидан озод этилди, бир ой ўтиб эса тартибсизликлар пайтида ҳаракатсизликда гумон қилиниб, вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилди.

МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимовнинг қамалиши

2023 йил 24 апрел куни Остона жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Масимов давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди. Суд қарори билан мансабдор шахснинг мол-мулки ҳам мусодара этилди ва у умрбод давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Иш «ўта махфий» мақоми остида кўриб чиқилди.

Мавзуга оид