Ўзбекистон | 16:21 / 02.05.2024
15892
3 дақиқада ўқилади

Боғчаларда ота-оналар тўлови ошгани юзасидан изоҳ берилди

Мактабгача таълим агентлиги вакилининг маълум қилишича, 2021 йилда ота-оналарнинг боғча тўловлари болаларнинг овқатланиш харажатларини 60 фоизга қоплаган, ўтган 3 йил ичида эса озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар нархи ошиши ҳисобига бу кўрсаткич 35 фоизга тушиб қолган.

2 май куни АОКАда боғчаларда озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги бўйича олиб борилган ўрганишлар натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Мактабгача таълим агентлиги вакиллари 2024 йил июн ва 2025 йил январидан боғчаларда болалар таъминоти учун тўлов нима сабаб оширилаётганини ҳам тушунтирди.

Агентликнинг бошқарма бош мутахассиси Исмат Турсунхўжаевга кўра, тарифлар 2021 йил май ойидан буён ўзгаришсиз қолиб келган. 3 йил олдинги мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичлари ҳозиргига нисбатан анча паст бўлгани, қолаверса, ота-оналардаги юкламани камайтириш, болаларни МТТга бериш, таълим-тарбия билан қамраб олиш мақсадида ота-оналарга нарх борасида имтиёзлар берилган эди.

“Статистик кўрсаткичларга қарайдиган бўлсак, 3 йил давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифлари 1,4 баробарга, яъни 40 фоизга ошди. Худди шундай озиқ-овқат маҳсулотлари ёки коммунал тўловлари 2 баробардан ортиқ ошди, электр энергияси учун тариф 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошди. Худди шундай озиқ-овқат нархлари ва бошқа тарифларнинг ошиши, давлат бюджетидан бир болани овқатлантиришга қилинаётган харажат ошиб кетгани – биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб ота-оналарга енгиллик бўлиши учун нархлар оширилмасдан, сақлаб келинди, лекин бунинг оқибатида айрим кўнгилсиз ҳолатлар, мисол учун, ҳар хил ўғриликлар [юзага келди]. Шу билан бирга, озиқ-овқатнинг сифатини ошириш мақсадида унга қилинаётган харажатни ҳам орттиришимиз керак. Қанча кўп инвестиция қилинса, шунча сифати ҳам ошиб бораверади”, – деди у.

Қўшимча қилинишича, оширилаётган нархлар 2021 йилдан йилма-йил кўтарилиши керак бўлган кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмайди.

“Яъни давлат улуши 2021 йилда 40 фоиз бўлган бўлса, ота-оналар болаларнинг овқатланиш харажатларини 60 фоизга қоплар эди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич тескари бўлиб қолди. Ота-оналарнинг тўлови 35 фоизга, давлатнинг улуши 65 фоизгача кўтарилди. Шу кўрсаткичлар инобатга олиниб, сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида бу миқдорлар янгиланиб, тасдиқланди”, – дейди агентлик мутасаддиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукуматнинг тегишли қарори билан 2024 йил 1 июндан ва 2025 йил 1 январдан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун тўлов миқдорлари қанча бўлиши эълон қилинганди.

Мавзуга оид