Жаҳон | 10:47 / 03.05.2024
7224
6 дақиқада ўқилади

ОАВ эркинлиги рейтинги: Дунёдаги вазият - охирги 10 йилдаги энг ёмони

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича йиллик рейтингига кўра, рекорд миқдордаги мамлакатларда оммавий ахборот воситалари эркинлиги деярли имконсиздир. Вазият сезиларли даражада ёмонлашган давлатлар қаторига Россия ва Гуржистон ҳам киритилди.

Фото: Nyein Chan Naing/dpa/picture alliance

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 3 май, жума, Жаҳон матбуот эркинлиги кунида ўзининг йиллик глобал матбуот эркинлиги рейтингини эълон қилди. Ташкилот таъкидлаганидек, дунё бўйлаб оммавий ахборот воситалари эркинлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишда давом этмоқда – журналистларга ҳужумлар сони, шунингдек, ОАВ ходимларининг меҳнат шароити «фалокатли» дея таърифланган мамлакатлар сони ортиб боряпти. Ташкилот йиллик рейтингидан маълум бўлишича, ўтган йили дунёнинг 36 давлати мустақил журналистика амалда имконсиз бўлган давлатлар тоифасига кирди. Бу сўнгги ўн йилдаги антирекорддир. 

Сайловлар - журналистлар учун хавф омили

Рейтингга илова қилинган ҳисоботда қайд этилганидек, сайловолди ташвиқотлари овоз бериш кунидан олдин ҳам, кейин ҳам журналистлар учун алоҳида хавф туғдиради. Ҳақорат ва жисмоний зўравонлик - бу турли мамлакатларда, жумладан Германияда ҳам мухбирлар дучор бўладиган ҳолат. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти таъкидлаганидек, ушбу вазият нафақат АҚШдаги президентлик сайловлари, балки Германиянинг учта федерал ерларида 2024 йил сентябрида бўлиб ўтадиган минтақавий сайловлар арафасида айниқса ташвишли.

«Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан зўравонлик кўламининг ошиб бораётгани қўрқинчли тенденция. Автократлар, лоббистлар ва демократия душманлари ҳар қандай ҳолатда ҳам мустақил репортажларга тўсқинлик қилишга уринмоқда», - деди «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти бош директори Аня Остерхаус. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат қабул қилиниши мумкин эмас ва демократик ҳукуматлар журналистларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши керак. Чунки «матбуот эркинлиги - сайловчилар фикрини эркин шакллантириш ва кимга овоз бериш тўғрисида хабардор бўлиш натижасида қарор қабул қилишнинг муҳим шарти».

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг Берлиндаги бўлими эксперти Катарина Виктория Вайс DW нашрига берган интервюсида оммавий ахборот воситалари эркинлиги соҳасидаги вазият ёмонлашаётганини қуйидагича изоҳлайди: «Биз ҳаммамиз ижтимоий тармоқлар ва бошқа интернет имкониятлари туфайли, маълумотлар алмашиш имкони бор деб ўйлагандик. Ахборот ва сўз эркинлиги фақат кенгайиши керак эди. Аммо маълум бўлдики, кўплаб мутахассислар бу масалада янглишди, бир томондан, ҳарбий можаролар туфайли дунёда янги қайноқ нуқталар пайдо бўлди - масалан, 2023 йил апрелидан Суданда фуқаролар уруши давом этяпти, Ғазо секторида ҳам кўплаб мухбирлар ҳалок бўлмоқда, Украинада уруш давом этмоқда».

Энг эркин матбуот - Скандинавияда 

Рейтинг етакчилари – ОАВ учун вазият энг қулай бўлган мамлакатларга бўйича ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ. Норвегия кетма-кет саккизинчи йил биринчи ўринни эгаллаб турибди, кейин эса барча Скандинавия давлатлари ва Нидерландия жойлашди. Германия рейтингда ўнинчи ўринни эгаллади. Бироқ, бундай юқори поғонага қарамай, «Чегара билмас мухбирлар» экспертлари Германия ҳукумати олдида қиладиган ишлар кўп, деб ҳисоблайди. Хусусан, жамоат телерадиокомпанияларини молиялаштириш учун ойлик тўловлар миқдорини ошириш бўйича. Бир қатор ерларда расмийлар ушбу мажбурий бадални оширишга қаршилик кўрсатмоқда ва ижтимоий-ҳуқуқий медиа тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида гапирмоқда.

Рейтингнинг энг қуйи поғонасида: Сурия, Эритрея ва Афғонистон, бу ерда ўтган йил давомида уч нафар журналист ҳалок бўлган ва камида 25 нафари қамоққа олинган. Собиқ иттифоқ мамлакатларида ҳам салбий динамика мавжуд. Россия ўтган йилга нисбатан икки поғонага кўтарилган бўлса-да (164-ўриндан 162-ўринга), бу фақат расмий рақам ҳамда матбуот эркинлиги соҳасидаги вазият яхшилангани билан боғлиқ эмас. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳисоботида айтилишича, Россия Федерациясида саккизта оммавий ахборот воситаси «номақбул ташкилот», 70 та оммавий ахборот воситаси ва 300 нафар журналист «чет эл агенти» деб эълон қилинган. Бир ярим мингдан ортиқ журналист мамлакатни тарк этди, бироқ баъзилари ўз вақтида чиқиб кета олмади ва босимга учради. 

Россияда ОАВ эркинлиги: «Вазият жуда қийин» 

«Россия биз катта ташвиш билан қарайдиган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда, - дейди Катарина Вайс. - Охирги 20 йил ичида вазият яхшиланишига умид боғлаган эдик. Бироқ 2022 йил февралидан - Россия Украинага ҳужум қилганидан кейин бу вазиятдан чиқиш учун кўп йиллар керак бўлишини тушундик. Ҳамкасбларимиз учун вазият ҳар куни ёмонлашмоқда. Улар ўз эркинлиги учун курашиши керак - жисмоний маънода». 

Reuters ахборот агентлиги продюсери Константин Габовнинг 27 апрел куни ва видео-оператор Сергей Карелиннинг эртаси куни қўлга олинишини изоҳлар экан, Вайс бу Россияда ушланган журналистларнинг озодликка чиқиш имконияти камлигининг яна бир мисоли эканлигини айтди - уларда ҳатто айбловлар асоссиз бўлса ҳам қамоқдан чиқиш имкони жуда кам.

«Яъни, улар дипломатия шахмат ўйинида ўлжа ёки товламачилик қуролига айланяпти», дейди у. 

Йил якунлари бўйича энг ёмон динамикани эса матбуот эркинлиги рейтингида 26 ўринга тушиб кетган Гуржистон кўрсатди. Бунинг сабаби, рейтинг тузувчиларга кўра, Россия моделига асосланган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг сиёсати. Бундан ташқари, партия оммавий ахборот воситалари устидан давлат назоратини кучайтиришни таклиф қилмоқда. 

Мавзуга оид