AstraZeneca ўзининг COVID-19 вакцинасини бозордан қайтариб олди
Қарор хавфсизлик нуқтаи назаридан эмас, балки тижорат сабаблари туфайли қабул қилингани таъкидланмоқда.
AstraZeneca Британия-Швеция фармацевтика компанияси ўзининг коронавирусга қарши вакцинасини сотиш учун берган рухсатномасини бекор қилди, деб ёзди The Telegraph. Компания бу қадамни фақат дорига бўлган талаб камайиб кетгани билан изоҳламоқда.
AstraZeneca ўз вакцинасини энди ишлаб чиқармайди ёки сотмайди, чунки «бозор самаралироқ ва вируснинг янги вариантларидан ҳимоя қила оладиган дорилар билан тўлиб тошган». Жумладан, 7 майдан бошлаб, Vaxzevria вакцинаси Европа Иттифоқида қўлланилмайди. Ушбу дори яқин ойларда Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ҳам сотувдан олиб ташланади.
Аввалроқ, AstraZeneca коронавирусга қарши кенг қўлланадиган ўзининг Covishield вакцинаси баъзи ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкинлигини тан олган эди. Улар орасида қон қуюлиши оқибатида тромбларнинг ҳосил бўлиши ва тромбоцитлар даражасининг пасайиши бор. Бу ножўя таъсирлар ўлимга олиб келиши мумкин. Компания бундай ножўя таъсир «жуда камдан-кам ҳолларда юз бериши мумкинлигини, бунинг сабаби номаълум эканини» тасдиқлаган.
The Telegraph хабарига кўра, вакцинадан жабрланувчилар ва қурбонларнинг қариндошлари фармацевтика компаниясига қарши жамоавий даъво аризаси билан судга мурожаат қилишган. Улар умумий ҳисобда 100 миллион фунт стерлинг товон пули талаб қилмоқда. Суд ушбу даъволарни 2023 йилдан кўриб чиқишни бошлаган.
Covishield вакцинаси 150 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг қўлланилган.
Мавзуга оид
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
16:51 / 25.11.2024
Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди
20:40 / 06.11.2024
AstraZeneca акциялари қиймати Хитойдаги терговлар фонида тушиб кетди
17:48 / 01.11.2024