Ўзбекистон | 10:48 / 09.05.2024
2208
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда наркожиноятларга қарши курашиш бўйича стратегия тасдиқланди 

Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.

Президентнинг “Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди. Стратегия доирасида қуйидаги мақсадларга эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифаси этиб белгиланди:

  • аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларда "гиёҳвандликка қарши иммунитетни, ўқувчи ва талабалар орасида кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психофаол моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш;
  • аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янги усуллар асосида ривожлантириш, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностика, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чораларни амалга ошириш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса интернет тармоқдаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини, биринчи навбатда рақамлаштириш орқали ривожлантириш ва бошқалар. 

Фармон билан Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари таркиблари ҳам тасдиқланди. Уларга миллий стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш вазифалари юкланган.

Мавзуга оид