Жамият | 14:53 / 10.05.2024
51177
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 8-синф ўқувчиси фарзандли бўлди

Тойлоқ туманидаги мактаблардан бирининг ўқувчиси туғиб қўйган, чақалоқнинг отаси эса касб-ҳунар мактаби ўқувчиси экани айтилмоқда. Ҳолат расмийлар томонидан ўрганилмоқда, жиноят иши қўзғатилган. 

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги мактабларидан бирининг 8-синф ўқувчиси ўғил фарзанд кўргани ҳақида хабар тарқалди.

Чақалоқнинг отаси бошқа мактабда таълим олувчи ўсмир йигит бўлиши мумкин. Ҳозирда ўқувчи шифохонада экани, унинг онаси ишлаш учун бошқа мамлакатга кетган бўлгани айтилмоқда.

Болалар омбудсмани шундай ҳолат аниқланганини тасдиқлади. Унинг маълумотига кўра, 2009 йилда туғилган қиз 2023 йил август ойида ўзига аввалдан таниш бўлган, 2007 йилда туғилган бола билан яқин муносабатда бўлган. 2024 йил 6 май куни шифохонада кўзи ёриган.

«Мазкур ҳолат юзасидан (вояга етмаган қизнинг ёшидан келиб чиқиб, ариза билан мурожаат қилинмаган бўлса-да) Тойлоқ тумани ИИБ томонидан ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу билан бирга, бундай тоифадаги жиноят иши доирасида вояга етмаган жабрланувчи шахсига оид бўлган бошқа маълумотларни ошкор қилиш ва тарқатиш қонунан тақиқланган ҳамда бола манфаатларига зид эканини эслатиб ўтамиз»,– дейилади расмий хабарда.             

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова Kun.uz’га берган изоҳида аниқлик киритилишича, чақалоқнинг отаси Э.Ш Тойлоқ туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчисидир. У айни вақтда вазият суриштирилаётганини билдирган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид