Жаҳон | 08:20 / 10.05.2024
4100
5 дақиқада ўқилади

Ереванда минглаб намойишчилар Пашиняннинг истеъфосини талаб қилди

Арманистон пойтахти марказида мамлакат бош вазирининг истеъфосини талаб қилган митинг бўлиб ўтди. Намойишга мамлакатнинг бир қатор ҳудудларни Озарбойжонга бериб қўйгани сабаб бўлган.

Фото: Alexander Patrin/ITAR-TASS/IMAGO

Арманистон пойтахти Ереван марказидаги Республика майдонида 9 май, пайшанба оқшомида ўтказилган митингга 20 мингдан ортиқ одам йиғилди, деб хабар бермоқда маҳаллий телеграм-каналлари. Намойишчилар Арманистон ҳукуматининг Озарбойжон билан чегарани демаркация қилишга келишиб олгани муносабати билан бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилди.

Маҳаллий пабликлар ва оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, норозилик митингида кўпчиликни Арман Апостол черкови Тавуш епархияси раҳбари, архиепископ Баграт Галстанян бошчилигидаги «Ватан учун тавуш» ҳаракати тарафдорлари ташкил этди. Митинг чоғида у намойишчилар «бўйсунмаслик ҳаракатлари» бошлаганини ва Пашинянда бош вазирликдан кетиши учун бир соат вақт борлигини айтди. Белгиланган муддат Москва вақти билан соат 19:00 да тугади. Пашинян учрашув ўтказиш ва истеъфога чиқиш ҳақидаги талабларга жавоб бермади. Шундан сўнг, архиепископ Миллий ассамблеяда (Арманистон парламенти) импичмент орқали бош вазирнинг истеъфосини талаб қилишини маълум қилди.

Галстанян майдонда қолишга қарор қилди ва барчани ундан ўрнак олишга чақирди. «Биз кечиктирмаймиз, аниқ ҳаракатлар қиламиз ва натижаларга эришамиз, фақат биргаликда», деди архиепископ намойишчиларга. 

Ереван 4 та ҳудудий бирликни Бокуга бой берди 

Аввалроқ Арманистон ташқи ишлар вазирлиги Ереван ва Боку чегаранинг алоҳида участкаси бўйича демаркация, жумладан, Тавуш вилояти ва Озарбойжоннинг шимоли-ғарбий Ғазах вилояти ўртасидаги тўртта қишлоқнинг ҳудудий мансублиги ҳақида келишиб олганини маълум қилганди. 1990-йилларнинг бошидан бу ҳудудлар Арманистон томонидан назорат қилинган, бироқ 2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий можаро натижасида улар Озарбойжонга ўтади. 

Маҳаллий аҳоли бу қарорга кескин қарши чиқди ва норозилик намойишини бошлади. Ереван марказидаги митингда намойишчилар 4 май куни бошлаб, чегарадаги Киранц қишлоғидан чиқиб, 9 май куни пойтахтга етиб борган юриш якунланди. Хусусан, намойишчилар М6 магистралининг Арманистон-Озарбойжон чегарасига яқинроқ жойлашган Воскепар қишлоғига олиб борадиган қисмини тўсиб қўйди. 

Май ойи бошида Арманистон ҳукумати қишлоққа киришни тўсди ва бир неча ўнлаб намойишчиларни қўлга олди. Шундан сўнг, ВВС таъкидлашича, архиепископ Баграт Галстанян «Ватан учун тавуш» норозилик маршини эълон қилган. 

Арманистон ва Россия бир қатор минтақалардан ҳарбий хизматчиларни олиб чиқиш бўйича келишиб олди 

Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўртасида 8 май куни Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида россиялик ҳарбийлар ва чегарачиларни Арманистоннинг бир қанча вилоятларидан олиб чиқиб кетишга келишиб олинди. Россия президенти матбуот котиби Песковнинг сўзларига кўра, «Арманистон томони илтимосига кўра» россиялик чегарачилар Арманистоннинг Туркия ва Эрон билан чегараси участкаларида қолади. 

Аввалроқ Арманистонда ҳукмрон «Фуқаролик келишуви» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Айк Конжорян Пашинян ва Путин 2020 йилдан кейин Арманистоннинг бешта ҳудуди - Тавуш, Сюник, Вайоцдзор, Гегаркуник ва Араратда жойлашган барча Россия чегара ва ҳарбий назорат пунктлари фаолиятини тўхтатиш бўйича келишувга эришганини маълум қилганди. 

Ғарб Арманистонга грант ва сармоя ваъда қилди

Апрел ойи бошида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ ва Арманистон ўртасида «амбицияли янги ҳамкорлик дастури»ни эълон қилди, жумладан, Ереванга тўрт йил давомида «иқтисод ва жамиятни барқарорлаштириш учун 270 миллион евро миқдорида грантлар ажратадиган режа» бор.

Ушбу маблағлар бизнесни қўллаб-қувватлаш, бозорларни модернизация ва диверсификация қилиш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, Еврокомиссия раҳбари қатор инфратузилма лойиҳаларига янги сармоя киритиш ва Гуржистон билан муносабатларни яхшилашга ваъда берди. Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, ЕИ ва Арманистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик аллақачон ярим миллиард евродан ортиқ сармояни жалб қилиш имконини берди. 

Мавзуга оид