Жамият | 12:05 / 15.05.2024
6168
2 дақиқада ўқилади

Кинотеатрда танишига шилқимлик қилган йигит 5 суткага қамалди

25 ёшли йигит “Magic City” кинотеатрида “Жаннат оналар оёғи остида” филми намойиши вақтида ёнида ўтирган танишига нисбатан ҳар хил шаҳвоний ҳаракатлар қилган. Кинотеатр хавфсизлик бўлими бошлиғи йигит ва қизни ташқарига олиб чиқиб, ИИБ ходимларини чақирган.

“Magic City” кинотеатрида танишига шилқимлик қилган йигит маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Унинг ҳуқуқбузарлиги жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йилнинг 10 май куни “Magic City” кинотеатри хавфсизлик бўлими бошлиғи Чилонзор тумани ИИО ФМБга мурожаат қилган. У мурожаатида “Жаннат оналар оёғи остида” филми намойиши вақтида У.М. ён ўриндиқда ўтирган М.Ж.га жамоат жойида бўла туриб ҳар хил шаҳвоний ҳаракатлар қилганини билдириб, уларга қонуний чора кўришни сўраган.

Суд мажлисида сўралган йигит айбига иқрорлигини, ўша куни келажакда турмуш қурмоқчи бўлган қизи М.Ж. билан кинотеатрга тушганини, уни соғингани туфайли эҳтиросга берилиб кетганлигини маълум қилган. Қиз унга “жамоат жойидамиз, бу ишимиз тўғри эмас” деган, аммо йигит шунга қарамасдан унга тегинган.

 М.Ж. эса судда У.М. унга шилқимлик қилиб, ўпиб танасига тегинганини, у тегинмаслигини айтиб қаршилик кўрсатганини, келажакда турмуш қурмоқчи бўлганлиги учун ариза билан мурожаат қилмаганини айтган.

2000 йилда туғилган М.Ж.га нисбатан суриштирув органи томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бироқ суд қизнинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмас, деб топган ва ишни тугатган. 

1999 йилда туғилган У.М. эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддасида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид