Жаҳон | 12:02 / 23.05.2024
7094
3 дақиқада ўқилади

Макрон тартибсизликлар кузатилаётган Янги Каледонияга борди

Янги Каледониянинг кўплаб маҳаллий аҳолиси француз кўчманчиларининг таъсири кучайишидан хавотирда. Франциянинг хориждаги ушбу ҳудудида бир ҳафтадан бери кенг кўламли тартибсизликлар давом этмоқда.

Фото: AP

Франция президенти Эммануэл Макрон Янги Каледонияга ушбу ҳудудда сўнгги 40 йил ичидаги энг жиддий тартибсизликлар фонида келди. «Мен тинчликни тиклашда ҳамма нарсани қилишга қатъий қарор билан келдим - ҳурмат, камтарлик ва қурбонларни хотирлаш учун. Менинг мақсадим вазирлар ва бутун ҳукумат билан биргаликда халқни қўллаб-қувватлаш ва барча гуруҳлар билан Янги Каледония келажагини муҳокама қилиш», деди у 23 май, пайшанба куни Янги Каледония маъмурий маркази, Ноумеа шаҳрига етиб келганида.

Макроннинг сўзларига кўра, «қарорлар қабул қилинади ва ҳаммага очиқланади». Айни пайтда президент атрофидагилар Макроннинг аниқ режаси йўқлигини ва катта сиёсий қарорлар кутилмаётганини айтишмоқда. Макронга, жумладан, Франция ички ишлар ва мудофаа вазирлари Жералд Дарманен ва Себастен Лекорню ҳамроҳлик қилмоқда.

Янги Каледонияда тартибсизликлар 

Янги Каледонияда ўтган ҳафтада сайлов тизими ислоҳотига қарши оммавий норозилик намойишлари чоғида 6 киши ҳалок бўлди, тартибсизликлар ва автомобилларни ёқишлар давом этмоқда. Франция Янги Каледонияга қўшимча уч минг полициячи юборди. 

Эммануэл Макроннинг таъкидлашича, Янги Каледония полицияси қанча вақт керак бўлса, шунча тайёр ҳолатда бўлади. «Яқин кунларда, агар керак бўлса, тартибни тўлиқ тиклаш учун янги кенг кўламли тадбирлар ўтказилади, чунки бошқа чора йўқ», - деди у. 

Янги Каледонияда тартибсизликлар туфайли минглаб сайёҳлар қолиб кетди. Франция, Австралия ва Янги Зеландия ўз фуқароларини зудлик билан эвакуация қилишни ташкиллаштирди. Германия Ташқи ишлар вазирлиги, агар зарурат бўлмаса, Янги Каледонияга саёҳат қилмасликни тавсия этди. 

Сайлов тизими ислоҳоти 

Намойишчилар узоқ Парижда амалга оширилган сайлов ислоҳоти Янги Каледония 270 000 аҳолисининг 40 фоизини ташкил этувчи канак аборигенлари таъсирини камайтиради, деб хавотирда, чунки бу ҳудудда камида ўн йил яшаган французлар сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Франция 1853 йилда Янги Каледония устидан назорат ўрнатди ва 1946 йилда мустамлакага французларнинг хориждаги ҳудуди мақомини берди. Янги Каледония дунёдаги учинчи йирик никел ишлаб чиқарувчиси, аммо ишлаб чиқариш инқирозда ва ҳудуд аҳолисининг бешдан бир қисми қашшоқликда яшайди. 

Мавзуга оид