Ўзбекистон | 18:09 / 23.05.2024
11757
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда иккита археологик ёдгорлик бузиб ташланди

Денов ва Сариосиёда архелогик ёдгорликлар текисланиб, уй-жой ва иссиқхона қурилган

Фото: Бош прокуратура

Сурхондарёнинг иккита туманида жойлашган археологик ёдгорликлар фуқаролар ва хусусий корхона томонидан бузиб ташланган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Жумладан, прокуратура ва Маданий мерос агентлиги ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги V–VII асрларга оид “Қорабоғтепа-1” археологик ёдгорлигининг 585 метр куб майдони фуқаро С.С. ва М.С. томонидан уй-жой қуриш мақсадида текислаб юборилиб, ёдгорликка 19,3 млрд сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, Сариосиё туманидаги милоддан аввалги III–I асрларга оид “Ҳайвонтепа” археология ёдгорлигининг 3 500 метр куб майдони “М.И.С” хусусий корхонаси томонидан иссиқхона қуриш мақсадида бузилиб, ёдгорликка 208,1 млрд сўмлик зарар етказилган.

Қайд этилишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Бош прокуратуранинг эслатишича, мазкур жиноий қилмишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Мавзуга оид