Исроил Рафаҳга ҳужум қилди. 45 киши ўлгани айтилмоқда
Исроил армияси Ғазодаги Рафаҳ шаҳрига навбатдаги ракета зарбаси йўллади. Оқибатда камида 45 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. ЦАХАЛ зарба йўлланган объект ҲАМАС томонидан фойдаланилганини иддао қилган.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ракета зарбаси оқибатида вафот этган 45 кишининг 23 нафари аёллар ва болалар бўлгани, яна 249 нафар фаластинликлар яраланганини хабар қилган. Рафаҳ ғазоликлар жон сақлаётган бўлғадаги охирги шаҳар бўлиб турганди. Бу шаҳар асосан қочоқлар лагерлари ва палаткалардан иборат.
Исроил ракетаси қочоқлар лагери ҳудудига бориб тушган. ЦАХАЛ уни қонуний нишон деб атаган ва зарбага учраган объект ҲАМАСга тегишли бўлганига ишонч билдирган. «Зарба халқаро ҳуқуққа мос тарзда, аниқ нишонга урувчи ўқ-дори ёрдамида, керакли разведка маълумоти асосида амалга оширилган. Бу ҳудуддан ҲАМАС фойдалангани аниқ», дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
Al Jazeera воқеа гувоҳларига таяниб ёзишича, камида саккизта ракета якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 20:45 атрофида лагер ҳудудига бориб тушган. Wafa news ахборот агентлиги Фаластин Қизил яримой ташкилотига асосланиб, қурбонларнинг аксари Тал ас Султон ҳудудидаги палаткаларда тириклайин ёниб кетганини ёзган.
ҲАМАСнинг 4 ой ичидаги илк ҳужумидан кейин
Бу зарбадан аввал ҲАМАС охирги тўрт ойда илк марта Исроил томон ракета зарбаси йўллаганди. Камида саккизта ракета айнан Рафаҳдан туриб Исроил пойтахти Тел-Авив томон отилган. Исроил нашрларида хиёбонлардан бирида ракета парчаси кўрингани акс этган видеолар тарқалди. Яна бир кадрда Кфар-Саба шаҳри марказида ракета зарбаси оқибатида пайдо бўладиган воронкасимон чуқур кўринади.
ҲАМАСнинг Қассам бригадаси ўз каналларида «Тел-Авив томон йирик ракета зарбаси уюштирилгани» ҳақида хабар берган. Кадрларда ракеталар шаҳарнинг шарқий қисмидаги чегара пунктига яқин жойдан учирилгани кўринган. Бу пунктни Исроил 18 кундан буён назорат қилаётганди.
ЦАХАЛ ўзи назорат қилаётган бу ҳудудда ҲАМАС вакиллари деярли қолмагани ҳақида маълум қилганди. Таҳлилчилар 4 ойлик тўхталишдан кейин ҲАМАС Тел-Авивга зарба йўллагани Исроил томони баёнотларига нисбатан ишончсизлик уйғотади деб ҳисобламоқда. Уларнинг фикрича, ҲАМАС туннеллар тармоғининг бир қисми ҳамон сақланиб қолган ва Исроил томони маълум қилганидан йўқ қилинмаган.
«Урушга алоқадор бўлмаганлар ўлган бўлса, ЦАХАЛ пушаймон бўлади»
Исроил ҳарбий прокурори Томер Иерушалми Рафаҳга амалга оширилган бу ракета зарбалари жиддий ўрганилаётгани айтди. Прокурорга кўра, зарба оқибатида урушга алоқадор бўлмаган одамлар жабрлангани аниқланса, ЦАХАЛ қаттиқ пушаймон бўлади. Ўз навбатида ЦАХАЛ ҳам ракета зарбаси оқибатида тинч аҳоли вакиллари ёниб кетгани ҳақидаги хабарлардан бохабар экани, ҳолат ўрганилаётганини маълум қилган.
Жабрланганлардан бири даволаниш учун Кувайт ҳомийлик қилаётган касалхонага олиб борилган. У журналистлар билан суҳбатда палаткалар ва одамлар ёниб кетаётганини кўрганини айтган. Унинг сўзларини Al Jazeera келтирган.
«Ғазода хавфсиз жой қолмади»
Франция президенти Макрон биринчилардан бўлиб Исроилнинг Рафаҳга ҳужумини қоралаб чиқди: «Рафаҳда кўплаб одамлар ўлимига сабаб бўлган Исроил ҳужумидан ғазабдаман. Бу операция тўхташи керак, Ғазода тинч аҳоли учун хавфсиз жойнинг ўзи қолмади. Ўт ўчишни тўхтатиш ва халқаро ҳуқуққа амал қилишга чақираман», деди Франция етакчиси.
Шу ўринда Макрон уруш бошланганидан буён Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилиб келишини ҳам таъкидлаш керак.
Қатар ташқи ишлар вазирлиги Рафаҳга ҳужумни кескин қоралаб, бу ҳужум сабаб Қатар, АҚШ ва Миср бир неча ойдан буён олиб бораётган тинчлик музокаралари чиппакка чиқиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес Рафаҳга ҳужумни Фаластиндаги тинч аҳоли учун яна бир азобли кун деб атади. Испан дипломати ҳужум Халқаро жиноят суди Исроилга Рафаҳдаги операцияни тўхтатишни буюрганидан кейин содир бўлгани айниқса хавотирли эканини қўшимча қилган.
«Бундай жойни ўққа тутиб бўлмайди. Исроилни Рафаҳдаги операцияни тезда тўхтатишга чақирамиз», деди Ирландия ташқи ишлар вазири Майкл Мартин. У Рафаҳга ҳужумни варварларча амалга оширилган деб атади.
Яқиндагина Фаластинни давлат сифатида тан олган Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде ҳам мамлакат Рафаҳга ҳужумни қоралашини маълум қилди.
Мавзуга оид
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024