Жамият | 21:22 / 29.05.2024
8202
3 дақиқада ўқилади

«Киноларимизга нозик чизгилар етишмаяпти» — Шерзодхон Қудратхўжа

«Суюнчи» филмидаги бемор отасини касалхонага бориб кўрмайдиган ўғил ва Анзират хола ўртасида бўладиган суҳбатга тўхталаркан, ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа режиссёрларни киноларда миллий контентга кўпроқ эътибор беришга чақирди.

Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа бир пайтлар олинган филмларни мисол тариқасида келтириб, ўзбек режиссёрлари ҳам ўзлари суратга олаётган филмларда миллий контентга эътибор қаратишлари кераклигини айтди.

У "Суюнчи" филмидаги бемор отасини касалхонага бориб кўрмайдиган ўғил ва Анзират хола ўртасида суҳбат тасвирланган кичик бир лавҳани мисол қилиб келтиради. Шу лавҳанинг охирида Анзират буви “Пиёласи йўқлиги учун отанг стаканда чой ичаётган экан”, дейди.

“Кимнингдир отаси шифохонага, санаторийга борса албатта ўзи билан ўзимизнинг ўзбек пиёласини олиб боради. Бу ерда биз таниқли режиссёр Мелис Абзаловнинг ечимини кўряпмизки, ўғилнинг шифохонадаги отасини уч ойда ҳам кўргани бормаслиги бу иснод. Иккинчиси унинг стакандан чой ичаётгани – бу ўша давлат шифохонада берган нарсани ичяпти дегани. Бугун кимдир сафарга отланса ё шифохонага ётаман деса ўзи билан чойнагини, пиёласини олиб боради. Шунингдек, «Мимино» филмида гуржиларнинг характери, ўша кичик авиациядан катта авиацияга бориши, барибир, албатта ўша машҳур қўшиғини соғиниб ўз ватанига қайтиб келганини кўриб жуда бошқача бўламан”, дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

У садоқат тўғрисида гапириб, «Хатико» филмини мисол тариқасида келтиради. Бу филмни томоша қилишини, бошқаларга ҳам тавсия қилишини, унда ит мисолида садоқат ва дўстлик кўрсатилганини айтади.

Шерзодхон Қудратхўжа бугун замонавий режиссёрларимиз яхши миллий контент яратишга эътибор қаратишлари кераклигини айтади.

Мелис Абзалов “Суюнчи” филмида кичик парчада, бор-йўғи икки минут шу нарсага урғу бера олган. Бугун бизнинг киноларимизга мана шундай чизгилар мана шундай ўзига хос нозик ўхшатмалар ва мана шундай драматургия кириб келиши керак. Соғ бўлинглар, ижоддан тўхтаманглар. Мен ўйлайманки ўзбек киносида мана шундай давр бошланяпти”, дейди у.

Мавзуга оид