Ўзбекистон | 16:29 / 29.05.2024
10483
2 дақиқада ўқилади

Мажбурий автосуғурта тарифлари қайта кўриб чиқилади

Бунга 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани сабаб сифатида келтирилган.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифи миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонларини ўз вақтида тўланмаётгани ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани юзасидан шикоятлар сони ортиб боряпти.

2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмагани сабабли турли хил йўллар билан тўловлар кечиктириб келиняпти.

Агентлик маълумотига кўра, 2023 йилда Тошкент шахрида зарарлилик даражаси 146 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 млн сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолган.

«Жаҳон банки статистикасига асосан, Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси охирги 5 йил давомида 160 фоизга ошган, бундан ташқари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўсиши 265 фоизни ташкил этган, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоиз ўсиш динамикасини кўрсатган. Шу билан бир қаторда, республикамизда белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлари билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади», – дейилади хабарда.

Агентлик аҳолидан бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларини Napp_connect_bot Теlegram-ботига юборишни сўрамоқда.

Мавзуга оид