Ўзбекистон | 12:24 / 29.05.2024
7670
6 дақиқада ўқилади

Мўйноқдан Қўшкўлгача ёхуд эко-қочқинлар қисмати

Сўнгги ўн йилликларда, айниқса, Оролбўйи минтақасида экологиянинг оғирлашгани айрим инсонлар бошига экологик қочқинлар ёки иқлим муҳожирлари қисматини солди. Жаҳон банки прогнозига кўра, 2050 йилга қадар Марказий Осиёда эко муҳожирларнинг сони икки миллион кишидан ошиши мумкин.

«ЎзТренд» жамоаси улар ҳақида ҳикоя қилувчи янги мултимедиа лойиҳасини бошлади. Лойиҳа «Эко-қочқинлар учун плейлист» деб аталади.

Хўш, бу тоифага кимлар киради? Қандай сабаблар туфайли одамлар ўзларининг кичик ватани — уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда?! Ўз-ўзидан маълумки, улар ташлаб кетаётган ҳудудларда ичимлик суви, озиқ-овқат, яйлов ва экин майдонлари қисқариши шундай йўл тутишга мажбур қилмоқда. Лойиҳа ўз олдига ана шундай эко-қочқинлар оқимининг йўналишларини кузатиб бориш ва янгиларини топишни мақсад қилиб қўйган.

Биринчи йўналишнинг узунлиги 125 километрни ташкил этади. Бу — Мўйноқдан Нукусгача бўлган йўл. Лойиҳада мавзу қаҳрамонларининг кечинмалари — глобал иқлим ўзгариши даврида яшашга мажбур бўлган оддий одамлар ҳикоялари сўзлаб берилади.

* * *

Ўзбекистонда замонавий экологик миграцияни ўрганишни Нукус шаҳрининг шарқий чеккасидаги Қўшкўлдан (қорақалпоқчада Қўскўл) бошлаш керак. Балким куни келиб, бу маскан дунёнинг барча энциклопедияларида «Илк эко-қочоқлик даври» тарихий ёдгорлиги сифатида қайд этилар...

Қўшкўл маҳалласининг харитадаги ўрни

Харитага назар ташласангиз, посёлкага ном берган шу номдаги кўлнинг жанубида бирорта ҳам тўғри кўча йўқлигини кўрасиз. Бу илгари Орол денгизи соҳилларида яшаб, жанубга бу ердан қочиб келган одамлар томонидан бошланган стихияли хаотик қурилиш оқибатидир.

Қўшкўл маҳалласидаги хаотик қурилишларнинг коинотдан тасвири.

Қаҳрамонимиз — собиқ Балиқ назорати инспектори Жолдасбай Абсаметов бундан қирқ йил илгари ишсиз қолади. Денгиз йўқ — демакки, балиқ ҳам йўқ. Балиқчи бўлмаса — балиқ овлаш назорати ҳам йўқ. У оиласи билан собиқ порт шаҳри Мўйноқни тарк этиб, 1984 йилда Қорақалпоғистон пойтахти чеккасидаги бўш жойдан қўним топади.

Жолдасбай Абсаметов

«Менинг бошпанам йўқ эди. Экологик қочқинлар ўзлари учун янги уйлар қурди. Бу ерлар бўш эди. Ҳамма ўзи хоҳлаган жойида уй қуриб олди», – деб бошидан ўтказган дамларини хотирлайди Жолдасбай оға.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари газ ва электр энергиясини ўрнатишга ёрдам берганини таъкидлаган Жолдасбай оғанинг айтишича, кўчманчилар сув масаласини ўзлари, ўз маблағлари эвазига ҳал қилган.

Тақдир уни шафқатсиз ҳазиллар билан «сийлади». Кўп йиллар давомида Жолдасбай Абсаметов (у ҳозир 70 ёшда, 2014 йилда нафақага чиққан) балиқ овлаш қайиқларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш билан шуғулланган. У кўпроқ балиқчилар ва болалар учун қайиқлар ясаган. Яъни мазкур қайиқлар кичикроқ бўлиб, асосан дарё ва кўлларда сайр қилиш учун мўлжалланган эди.

Вақт ўтиши билан унинг Мўйноқда ва бутун Оролбўйида ишлаб чиқарган маҳсулотлари кераксиз бўлиб қолгани аниқ. На денгиз, на сув, на балиқ... Энди қайиқ кимга ҳам керак? Унинг ҳовлисида ҳали ҳам бир нечта турдаги қайиқ нусхалари бор. Қаҳрамонимиз уларга, албатта, харидор топилади, деган умид билан яшайди. Оққан дарё оқаверади деганлари каби, Марказий Осиё сувсиз чўлга айланмайди, деган нақлга қандай ишончни йўқотмаслик мумкин?!

Қўшкўл манзаралари

Минг афсуски, Қўшкўл кўчаларида ўйнаётган болалар пластик идишлар орқали бир-бирига сув қуймоқда. Эҳ, ҳар доим шундай бўлса эди...

Жолдасбай ўзи туғилиб ўсган Мўйноқ кенгликларини, Орол бўйида яшаган даврларини соғинади.

«Денгиз бўронли, вақтлар ажойиб ўтарди ва бизда ҳамма нарса етарли эди. Ҳамма одамлар бахтли яшаб, бугунги кунидан мамнун эдилар. Сув қурий бошлаганда эса ҳамма нарса парчаланиб кетди, қувонч, завқ, ҳаттоки бахт ҳам», – деб эслайди Абсаметов.

У имконият туғилиши билан оиласини олиб, она шаҳри Мўйноққа саёҳат қилади.

«Ҳа, баъзида биз болалигимиз ўтган жойларни кўриш учун борамиз. Ахир биз у ерда туғилганмиз, у ерда ўсганмиз, у ерда ҳамма нарса бизга таниш. Биз у ерга яна ва яна қайтишни хоҳлаймиз...»

Қўшкўл кўчаларидан бири

Бугунги кунда Қўшкўлда тўрт мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади (бу тахминан 940 хонадон дегани). Уларнинг аксарияти аллақачон совет давридаги Ўзбекистон ҳудудида биринчи экологик қочқинларининг авлодларидир. Улар эса ота-боболарининг оғир юкини кўтаришда давом этмоқда. Экологик ҳимояланиш, афсуски, абадийдир.

Ўз ватанларида муносиб иш йўқлиги сабабли, Жолдасбайнинг икки нафар ўғли энди чет элда ишлашга мажбур (меҳнат миграцияси ҳам иқлим ўзгариши билан боғлиқ). У тўкис ва тўлиқ оила даврасида ўтиришни тез-тез орзу қилади. Афсуски, мигрант фарзандлари оиласидан узоқда... Кўзларини бир нуқтага қадаб, чуқур ўйга толади, ахир сувсиз ва тақчил ҳудудда яшаётган набираларининг эртанги куни нима бўлади, улар қандай ҳаёт кечиради?

P.S. 80-90-йилларда Нукус чеккасига қочиб келган Оролбўйи аҳолисини бугун янги бахтсизлик қарши олди. Уларнинг ўша пайт шошилинчда тартибсиз қурилган уйлари бузилиши мумкин. Бу оқибат ҳам иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Вазият, эҳтимол, уларни янада узоқроқ йўлга чиқишга мажбур этар.

Мавзуга оид