Ўзбекистон | 13:53 / 05.06.2024
9372
3 дақиқада ўқилади

Infinbank’нинг Андижон филиали собиқ мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди

Банк филиали бошқарувчиси ҳамда ходими бир нечта МЧЖ раҳбарлари билан тил бириктириб, ғайриқонуний банк операциялари орқали 4 млрд сўмни ўзлаштириб юборганликда гумонланмоқда. Етказилган моддий зарарни қоплаш учун фуқароларга тегишли, турли русумдаги 26 та автомобил хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилган. Банк филиали бошқарувчиси терговдан яшириниб, хорижий давлатга чиқиб кетгани айтилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Infinbank’нинг Андижон филиали собиқ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилди.

Манбага кўра, “Infinbank” АЖ Андижон вилояти филиали собиқ бошқарувчиси Ф.А. ҳамда собиқ ходим Н.К. Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда гумонланмоқда.

Тергов ҳужжатларида келтирилишича, Ф.А. ва Н.К.нинг қилмиши автокредитлар билан боғлиқ. Улар “Mega Oil Baraka Gold”, “Ibroxim Elegant” МЧЖлар раҳбари Ж.М. ва унга дахлдор бўлган шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктиришган. Яъни, текин даромад олиш илинжида кредит маблағларини олиш учун кредит олувчи ва уларга кафил сифатида кўрсатилган фуқароларни “Mega Oil Baraka Gold” МЧЖда турли лавозимда ишлаётганлиги, “Ibroxim Elegant” МЧЖ томонидан эса 11 та автокредит бўйича кредит таъминоти сифатида бино ва иншоотларини қўйганлигини кўрсатиб, ҳужжатларни қалбакилаштиришган. Сўнгра қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб, ғайриқонуний банк операциялари орқали 11 та ҳолатда банкнинг 4 млрд сўм пул маблағларини ўзлаштириб юборган.

Банкка етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида қалбаки ҳужжатлар асосида талон-торож қилинган пул маблағлари ҳисобига олинган, айни пайтда фуқароларга тегишли бўлган жами 26 та, жумладан, 6 та Equinox, 7 та Malibu, 4 та Nexia, 4 та Cobalt ва бошқа шу каби машиналар хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилган.

Манбанинг айтишича, кредитга олинган ушбу автомобилларнинг айримлари айбланаётган шахслар томонидан бошқа фуқароларга сотилиб, сотувдан тушган пуллар ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборилган. Уларнинг гаровга қўйилгани негадир нотариал олди-сотди жараёнида ҳам маълум бўлмаган.

“Infinbank” АЖ Андижон вилояти филиали собиқ бошқарувчиси Ф.А. терговдан яширингани айтилмоқда. Манбага кўра, у хорижий давлатга чиқиб кетган бўлиши мумкин.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Ички ишлар вазирлигининг Тергов департаменти томонидан олиб борилмоқда.

Мавзуга оид