Жаҳон | 10:21 / 07.06.2024
4712
3 дақиқада ўқилади

FT Украина энергетикасининг ярми йўқ қилингани ҳақида хабар берди

Украина Энергетика вазирлиги Financial Times газетасининг Украина электр станциялари қуввати ярми йўқ қилингани ҳақидаги маълумотларини рад этди. Бундан ташқари, аҳоли учун тарифлар икки баравар оширилгани ҳақидаги маълумотлар нотўғри, дея маълум қилди идора.

Фото: Valentyn Ogirenko/REUTERS

Украина ҳукумати Британиянинг Financial Times газетасини Россия Украина энергетика қуввати ярмидан кўпини йўқ қилгани ҳақида хабар тарқатганликда айблади. Чоршанба, 5 июн куни Украина Энергетика вазирлигида эълон қилинган материалда «ахборот-психологик операция белгилари бор, у манипулятив характерга эга ва душман позициясини тарғиб қилади», дейилади.

Украина Энергетика вазирлиги: Мақола ваҳима тарқатишга қаратилган 

Киевнинг таъкидлашича, журналистлар келтирган аноним манбалар фикрлари маълумотлар ишончлилигига шубҳа туғдиради ва бу баёнотлар украиналиклар орасида «қўрқув ва ваҳима тарқатишга қаратилган». Бошқа нарсалар қаторида, Украина Энергетика вазирлиги аҳоли учун электр энергияси тарифлари икки баробар оширилиши ҳақидаги маълумотни рад этди. «Украиналиклар бирлашишни ва қийинчиликларни енгиб ўтишни биладиган халқ, энергетика ходимлари Россия томонидан вайрон қилинган нарсаларни қайта тикламоқда, бу украиналикларга ёруғлик ва илиқлик бахш этади», деб ишонтирди идора. 

Аввалроқ Financial Times газетаси Россия Украина электр станцияларининг қувватлари ярмидан кўпроғини фойдаланишдан чиқаргани ёки эгаллаб олгани, шу тариқа Украинага тўлиқ миқёсли ҳужум бошланганидан бери энг катта электр ўчирилишини келтириб чиқаргани ҳақида хабар берган эди. 

2022 йил бошига қадар Украинада маҳаллий электр энергияси ишлаб чиқариш тахминан 55 гВтни ташкил этди, бу Европадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири эди. Бугунги кунга келиб, Украинада умумий энергия ишлаб чиқариш қуввати 20 гВтдан пастга тушди, дея таъкидлайди газета. 

Шмихал: Россия Украинада 9 гВтдан ортиқ электргенерациясини йўқ қилди

Шу билан бирга, Украина бош вазири Денис Шмихал 4 июн куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Россия Федерацияси Украина электр станциясининг 9 гВтдан ортиқ умумий қувватини йўқ қилганини айтди. У «вазият жуда оғир» эканлигини таъкидлади ва «Укрэнерго» компанияси энергия тизимини тиклаш ва мустаҳкамлаш учун яна режалаштирилган электр узилишларига мурожаат қилишга мажбур бўлганини эслатди.

Шу билан бирга, у ҳукумат беш блокли энергетика стратегиясини ишлаб чиққанини айтди. Бошқа нарсалар қаторида, гап ҳаво мудофаасини кучайтириш, шикастланган ускуналарни таъмирлаш ва энергия тизимини марказсизлаштириш, шунингдек, энергия самарадорлиги ва масъулиятли энергия истеъмоли ҳақида бормоқда. 9 гВт Украина энергетика тизимининг 2014 йилгача бўлган қуввати олтидан бирига тенг, дея қайд этади dpa. 

Мавзуга оид