Жамият | 15:06 / 08.06.2024
47815
2 дақиқада ўқилади

Ноткоин сотган талаба 10 суткага қамалди

Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчисига ноткоин сотган учун маъмурий қамоқ жазоси қўлланди. У крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганликда айбли деб топилган.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилган, Термиз давлат университетининг битирувчиси бўлган И.Н. ноткоин сотгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йил 1 июн куни фуқаро Н.А.нинг Тошкент шаҳар ИИББ котибияти томонидан рўйхатга олинган аризаси юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилган. Текширув ишлари давомида И.Н.га тегишли телефон аппарати ҳамда банк пластик картасидан крипто-активларнинг ноқонуний фаолияти билан шуғулланилгани аниқланган.

Суд мажлисида сўралган И.Н. айбини тан олиб, крипто-активни Telegram ижтимоий тармоғида йиғганини, ноткоинни 800 минг сўмга сотганини ҳамда бунинг ноқонуний эканини билмаганини айтиб, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Ишни кўриб чиққан ЖИБ Чилонзор туман суди И.Н.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топган. Унга нисбатан 10 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик назарда тутилган. Ушбу моддага кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоқ (маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима) жазосига сабаб бўлади. 

Мавзуга оид