Иқтисодиёт | 17:19 / 08.06.2024
9785
3 дақиқада ўқилади

Saneg ФНҚЗ хариди учун тўлов масаласига изоҳ берди

Saneg компанияси айни пайтда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олиш бўйича 100 млн долларлик сумманинг бир қисмини тўлаётгани, қолган сумма тўлов графигига асосан тўланишини маълум қилди. Заводга 380 млн доллар сармоя киритиш мажбуриятини олган компания айни пайтгача 250 млн доллардан ортиқ инвестиция киритган.

Фото: Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи

Ўзбекистондаги энг йирик нефт қазиб чиқарувчи компания – “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ (Saneg) билан бундан икки йил олдин Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бўйича хусусийлаштириш битими тузилган эди. Хусусан, 2022 йилнинг 22 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги заводнинг 100 фоиз улуши 100 млн долларга Saneg'га сотилганини эълон қилганди.

Kun.uz 2024 йил 29 май куни эълон қилган материалда заводнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg’га тегишли экани, компания эса ҳали ҳам белгиланган тўловни тўлиқ тўламагани ҳақида ёзганди.

“Саноат энергетика гуруҳи”дан маълум қилишларича, бугунги кунга қадар заводни модернизация қилиш ишларига 250 млн доллардан ортиқ инвестиция киритилган.

“Тўловларни амалга ошириш ва инвестиция мажбуриятларини бажариш муддатлари Saneg ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ўртасида тузилган шартнома шартлари асосида белгиланади.

Айни пайтда Saneg Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини харид қилиш суммасининг бир қисмини тўлаш бўйича шартнома мажбуриятларини бажармоқда. Қолган сумма шартномада кўзда тутилган тўлов жадвалига мувофиқ тўланади”, – дейилади компания томонидан Kun.uz'га тақдим этилган ахборотда.

Изоҳда тўлов жадвали ҳақида, хусусан ҳисоб-китоб қилиш қачон якунланишига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 2022 йилда 19,3 млрд сўм, 2023 йилда 469,6 млрд сўм, 2024 йилнинг I чорагида эса 68,4 млрд сўм соф фойда кўрган.

Эслатиб ўтамиз, битим доирасида Saneg'га 100 млн долларлик тўловдан ташқари қуйидаги мажбуриятлар ҳам юклатилган:

  • заводни модернизация қилиш орқали замонавий ва экологик тоза бензин, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси, Жет а-1 реактив ёқилғиси ва суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш;
  • нефт агрегатларини модернизация қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини камида 2 миллион тоннага ошириш;
  • юқоридаги мақсадлар учун 380 млн доллардан ортиқ инвестиция киритиш.

Мавзуга оид