Сирил Рамапоса ЖАР президенти этиб қайта сайланди
ЖАРнинг сайланган парламенти биринчи сессиясида депутатлар аксарияти Африка миллий конгресси етакчиси Сирил Рамапоса номзодини қўллаб-қувватлади.
Жанубий Африка Республикаси Миллий ассамблеяси Сирил Рамапосани мамлакат президенти этиб қайта сайлади. 14 июн, жума куни кечқурун «Африка миллий конгресси» (АМК) партияси етакчиси 71 ёшли Рамапоса номзоди учун 283 депутат овоз берди. Унинг рақиби, «Иқтисодий эркинлик курашчилари» партиясидан Жулиус Малемни 44 депутат қўллаб-қувватлади, деди Жанубий Африка янги парламентининг биринчи йиғилишига раислик қилган ЖАР бош судяси Раймонд Зондо яширин овоз беришдан сўнг.
Рамапосанинг янги инаугурацияси 19 июн куни Преторияда бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда AFP ҳукуматдаги манбаларга таяниб.
«Африка миллий конгресси» биринчи марта коалиция тузишга мажбур бўлди
Май ойининг охирида бўлиб ўтган парламент сайловларида Жанубий Африкадаги ҳукмрон АМК партияси 30 йил ичида биринчи марта мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмади ва тахминан 40 фоиз овоз тўплади. Шундан сўнг у бир нечта кучлар билан ҳукумат коалициясини тузишга келишиб олди. Унинг ҳамкорлари қаторида либерал Демократик алянс ва миллий Инката озодлик партияси ҳам бор эди.
Апартеидга қарши курашган Нелсон Мандела партияси - АМК - янги парламентдаги 400 ўриндан 159 тасига эга (илгари - 230). 1994 йилда Жанубий Африка демократик курси бошланганидан бери, АМК ҳар доим парламент сайловларида мутлақ кўпчилик овозларни қўлга киритган ва Африка қитъасидаги энг кучли иқтисодиётни бир ўзи бошқариб келган.
Кузатувчилар АМК машҳурлиги пасайишига турғун иқтисодиёт, юқори ишсизлик, инқироз ҳолатидаги давлат компаниялари, барбод бўлган инфратузилма, электр ва сувнинг мунтазам узилишлари, жиноятчилик ва коррупция юқори даражаси сабаб эканини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, АМК 40 фоиздан ортиқ даражада қўллаб-қувватланиши сайловчилар ҳали ҳам партияни апартеиддан халос бўлиш жараёнига боғлаши билан изоҳланади.
Мавзуга оид
09:22 / 16.12.2024
ЖАР ХЖС ордери туфайли Путинни G20 саммитига таклиф қилмайди
23:10 / 07.12.2024
ЖАРда авария юз берган ташландиқ шахтадан 153 киши олиб чиқилди. Уларнинг аксарияти ноқонуний мигрантлар
10:40 / 30.10.2024
FT: Рамапосанинг Путинни мақташи ЖАР коалициясини парчалади
11:30 / 19.10.2024