Жаҳон | 14:11 / 16.06.2024
20937
5 дақиқада ўқилади

Ростовдаги тергов изоляторидаги гаровга олиш: жиноятчилар ўлдирилган

ФСИН матбуот хизматига кўра, идоранинг Ростовдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасидаги ходимларни гаровга олган жиноятчилар отиб ўлдирилган, гаровдагилар жабрланмаган.

Фото: TASS

16 июн куни тонгда Ростов шаҳридаги 1-сонли тергов изоляторида маҳбуслар Федерал жазони ижро этиш хизматининг (ФСИН) икки ходимини гаровга олди.

Россия ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, жиноятчилар автомашина сўрашган ва изоляторни тарк этишга қаршилик қилмасликни талаб қилишган.

«Россия Федерал жазони ижро этиш хизматининг Ростов области бўйича 1-сонли тергов ҳибсхонасида гаровга олинганларни озод этиш бўйича махсус амалиёт давомида жиноятчилар йўқ қилинди, гаровга олинган ходимлар озод этилди ва уларга зарар етмаган», — дея ФСИН матбуот хизматидан иқтибос келтиради Россия ахборот агентликлари.

Бундан бироз олдинроқ тергов ҳибсхонаси биноси ҳудудида интенсив отишма овозлари эшитилган, кейин бинога тез ёрдам машиналари кириб борган.

Шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, изоляторга олиб борувчи кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилган; автомобиллар эгалари ва жамоат транспорти айланма йўлларга йўналтирилган.

1-сонли тергов изолятори – қадимий бино бўлиб, у Ростовнинг қоқ марказида, Горкий ва Киров проспектлари кесишмасида жойлашган.

Федерал жазони ижро этиш хизматининг ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирда бошқарма бошлиғи, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва прокуратура вакиллари воқеа жойида бўлиб турибди ҳамда гаровдагиларни озод этиш бўйича музокараларда иштирок этишмоқда.

Хабарларга кўра, гаровга олганлар сони беш ёки олти кишидан иборат – уларнинг барчаси олдин ҳам судланганлар ёки «террорчилик» тўғрисидаги моддалар бўйича айбланган. Манбаларга кўра, улар резина дубинкалар, тиғли қуроллар ва ўт ўчирувчиларнинг болталари билан қуролланган.

Агентлик жиноятчилар орасида ИШИДга алоқадор бўлган шахслар ҳам борлигини қўшимча қилган.

Хабар қилишларича, жиноятчилар камерадаги панжараларни синдириб, навбатчилик хонасига киришга муваффақ бўлган, улар бу ерда икки кишини – оператив ходим ҳамда инспектор-назоратчини қўлга олишган.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Ева Меркачеванинг сўзларига кўра, гаровга олинганлар орасида ФСИН ҳудудий бошқармаси оператив бўлим бошлиғи Александр Богма ҳам бор.

«У якшанба куни тергов изоляторида нима қилаётгани тушунарсиз. Эслатиб ўтаман, дам олиш кунлари судга ёки тергов ҳаракатларига, шунингдек адвокат билан ёки яқинлар билан учрашишга ҳам олиб кетилмайди», — дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ТАСС агентлигига берган изоҳида Ростовдаги тергов ҳибсхонасидаги гаровга олиш синчковлик билан тайёрланган ва бу жараён ойлаб давом этган бўлиши мумкин.

«Маҳбуслар турли камераларга жойлашган, аммо улар орасида алоқа бўлган, улар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришган», - деган агентликка ички ишлар органларининг аноним вакили.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, маҳбусларга ёрдам кўрсатилган. Уларнинг ҳаракати «ташқаридан мувофиқлаштирилгани» тўғрисидаги версия текширилмоқда.

Гаровга олганлар ҳақида нималар маълум?

ТАСС таҳририяти нусхаси билан танишиб чиққан суд ҳукмига кўра, тергов изоляторида ҳужум уюштирганлардан уч нафари 2023 йил декабрида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, улар Қорачой-Черкасдаги Олий суд биносида портлаш уюштиришда айбдор деб топилган.

«Жанубий округ ҳарбий суди ўтган йил декабрида Ингушетия республикасида яшовчи Шамил Акиев, Тамерлан Гиреев ва Азамат Цицкиевни қатор террорчилик жиноятларида, жумладан ҚЧР олий суди биносини портлатишга тайёргарлик кўришда айбдор деб топди», — дейилган ҳужжатда.

Суд қарорига кўра, Акиев, Гиреев ва Цицкиев интернетда ИШИД аъзоси билан ёзишган ва унинг раҳбарига қасамёд қилиб, видео ёзишган.

Айбланувчилар портловчи қурилма учун қисмлар сотиб олиб, уни йиғишган, шунингдек, давлат муассасалари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари хавфсизлигини кузатиб, портлаш содир этиш учун жой танлашган.

Гиреев ва Акиев 18 йил, Цицкиев эса — 18,5 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган, уларнинг учаласи ҳам 500 минг рублдан жаримага тортилган. ТАССнинг қайд этишича, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаганди.

Мавзуга оид