Жаҳон | 12:41 / 17.06.2024
3184
3 дақиқада ўқилади

«Беларус йўналиши»: январдан бери Германияга 2215 нафар муҳожир кириб келди

Германия полицияси маълумотларига кўра, Беларусдан миграция йўли яна фаол фойдаланилмоқда. Полша ва Чехия билан чегараларда Германияга рухсатсиз киришлар сони йил бошидан буён барқарор равишда ошиб бормоқда.

Фото: GRODNO REGION via REUTERS

Германия федерал полицияси маълумотларига кўра, «Беларус йўналиши» деб аталмиш йўлдан фойдаланаётган муҳожирлар сони яна ошиб бормоқда. Хусусан, январ ойининг бошидан май ойининг охиригача Германия ҳукумати вакиллари Полша ва Чехия билан чегарада ушбу йўналиш бўйлаб Германияга 2215 нафар рухсатсиз киришни қайд этди, деб хабар берди dpa агентлиги 16 июн, якшанба куни.

Агар январ ойида атиги 26 та, февралда эса 25 та ҳолат кузатилган бўлса, март ойида бундай кириб келишлар сони 412 тага, апрелда 861 тага, май ойида эса, дастлабки маълумотларга кўра, 891 тага етган. Йил бошидан буён Бранденбург федерал ерида 1021 рухсатсиз кириш қайд этилган, Саксонияда - 867, Мекленбург-Олд Померанияда - 327 ҳолат, дея аниқлик киритди полиция.

Бироқ, ўсиш тенденциясига қарамай, агентликнинг қайд этишича, бу кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада паст. 2023 йил май ойи охирига келиб, полиция «Беларус йўналиши» бўйлаб зарур ҳужжатлар ёки визалар билан 6 мингга яқин муҳожирнинг киришини қайд этди. Қонунга кўра, Германиядан бошпана сўраган одамлар рўйхатга олиниб, вақтинчалик қочқинлар лагерларига жойлаштирилиши шарт. 

Полша ва ЕИ Москва ва Минскни ноқонуний миграцияда айблаяпти

Полша ва Европа Иттифоқи 2021 йилдан бери Россия ва Беларусни дунёнинг инқирозли минтақалари аҳолисига виза ва логистика билан таъминлаш орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига рухсатсиз киришга атайлаб ёрдам беришда айблаб келади. Бундай қонунбузарликларни бостириш учун Полша расмийлари Беларус билан чегарада баландлиги 5,5 метр бўлган панжара ўрнатди. 

Кўрилган чора-тадбирларга қарамай, Полша чегара хизмати чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринишлар сони муттасил ортиб бораётганини тасдиқлади ва 2024 йил бошидан буён 16,5 минг шундай ҳолат қайд этилганини билдирди. Ўтган йилнинг шу даврида 11 200 та шундай уринишлар бўлган. 

Беларус орқали Европа Иттифоқига киришга уринаётган ноқонуний муҳожирларнинг аксарияти - Ироқ фуқаролари. Улар орасида Сурия, Конго ва Камерун фуқаролари ҳам учраб туради.

Мавзуга оид