Жамият | 17:00 / 19.06.2024
8037
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда одам уриб юбориб унинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи қочиб кетди

Вилоят ИИБ фуқароларга мурожаат қилиб, Ҳайдовчи ва машинани топишда кўмак сўради.

Хоразм вилояти Хонқа туманида одам уриб юбориб жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи қочиб кетган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 18 июн куни содир бўлган.

Шу куни соат 01:45 ларда Урганч-Хонқа автомобил йўли чеккасида кетаётган, Хонқа тумани Бунёдкор маҳалласида яшовчи 35 ёшли Х.Э.ни номаълум машина уриб юборган.

Ҳайдовчи жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса жойидан қочиб кетган. Оқибатда у олган оғир тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда ЙТҲни содир этган ҳайдовчи ҳамда унга тегишли машинани аниқлаш ва ушлашга қаратилган қидирув-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Азиз юртдошлар, агар сиз ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган шахс тўғрисида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз, 102; 62 220-40-14; 97-602-02-22; 90-713-08-13 рақамли телефонлар орқали хабар беришингизни сўраймиз. Жиноятни фош этишда яқиндан ёрдам берган шахс 10 000 000 сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади ва унга тегишли маълумотлар сир сақланиши кафолатланади”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид