Тошкентда аёллар «бурқа»сини кийиб юрган йигит 15 суткага қамалди
Шунингдек, суд 22 ёшли ҳуқуқбузарга 3 млн 400 минг сўм жарима ҳам белгилади.
Тошкент шаҳрининг «Чорсу» бозорида аёллар «бурқа»сини кийиб юрган йигитга суд томонидан жарима ва 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Унда суд ҳукми устидан 10 кун ичида апелляция шикоятини бериш ҳуқуқи бор.
Kun.uz таҳририятида мавжуд суд ҳукми нусхасида қайд қилинишича, 19 июн куни 22 ёшли П.Б. «Чорсу» бозори олдида шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган. У ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатилиб, шахсини аниқлаш ва ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида ИИБ биносига таклиф этилган. Аммо йигит қонуний талабларни бажаришдан бош тортиб, ходимларнинг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган.
20 июн куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида унга қарши очилган маъмурий иш кўриб чиқилди. П.Б. судда ёшлигидан аёллар кийимига қизиққани сабабли бозор атрофида «бурқа» номли аёллар кийимини кийиб юрганини тасдиқлаган.
Суд йигитни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184(4)-моддаси (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) ҳамда 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топди.
Ҳуқуқбузарга БҲМ 10 баравари (3 млн 400 минг сўм) миқдорида жарима ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Унда суд ҳукми устидан 10 кун ичида апелляция шикоятини бериш ҳуқуқи бор.
Мавзуга оид
16:35
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024