Жаҳон | 08:07 / 24.06.2024
60097
5 дақиқада ўқилади

Доғистондаги ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?

Қурбонлар сони ошган, ҳужум қилганлар ўлдирилган.

Фото: GYANZHEVI GADZHIBALAYEV/TASS

20 киши, жумладан 15 нафар полициячи якшанба куни Доғистоннинг Дербент ва Маҳачқалъа шаҳарларидаги православ ибодатхоналари, синагоглар ҳамда йўл-патрул хизмати постига ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган.

Республикада аксилтеррор амалиётлар режими жорий этилди, икки шаҳарда ҳам жанглар тун ярмига қадар давом эттирилди.

Соат 23:00 дан ўтганидан кейин Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси Дербентда махсус амалиётнинг фаол босқичи якунлангани ҳақида хабар қилди.

Тунда қўмитадагилар амалиёт давомида беш нафар террорчи ўлдирилганини маълум қилди.

«Дербентда ўтказилган жанговар тадбирлар якунида икки бандит бартараф этилди, Маҳачқалъада эса — уч бандит», — дейилган хабарда.

Бунгача ўлдирилган жангарилар сони олти нафар экани хабар қилинганди — Маҳачқалъада тўрт, Дербентда икки киши. Доғистон раҳбари Сергей Меликов ҳам ҳужум қилган олти киши ўлдирилгани ҳақида айтган.

Шу билан бирга, ҳужум қилганлар сони қанча бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси жангариларнинг шериклари қидирилаётгани тўғрисида хабар берган.

Қурбонлар ва жароҳатланганларнинг кўпчилиги — полиция ходимлари. Сўнгги маълумотларга кўра, 15 нафар полициячи ҳамда тинч аҳоли вакилларидан беш киши ҳалок бўлган. 46 киши жароҳатланган.

«Полициянинг 15 ходими бугунги теракт қурбонлари бўлди», — дея ёзган Доғистон раҳбари ўз телеграмида душанбага ўтар кечаси. У оддий фуқаролар орасида ҳам қурбонлар борлигини қўшимча қилган.

Россия Тергов қўмитаси «теракт» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

ТАСС ва РБК манбалари Дербент ва Маҳачқалъага ҳужум қилганлар — халқаро террорчилик ташкилоти тарафдорлари бўлганини айтишган. «Ҳужум қилганларнинг ҳаракатлари, уларнинг ҳайқириқлари ва ташқи қиёфасига қараганда, террорчилар халқаро исломий террорчилик ташкилотига алоқдор бўлишган», — деган РБК манбаси ташкилот номини очиқламаган ҳолда. ОАВ маълумотига кўра, жангариларнинг айримлари ваҳҳобийлар доираларига аъзо эди.

Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинган. У 24, 25 ва 26 июн кунлари давом этади. Доғистондаги терактлар юзасидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳамдардлик билдирган. РФ президенти Владимир Путин ҳозирча ҳодиса юзасидан муносабат билдирмаган.

Воқеалар қандай ривожланди?

Дербент ва Маҳачқалъада отишма бўлаётгани ҳақида хабарлар якшанба куни кечга томон пайдо бўла бошлади.

Дербентда номаълум шахслар Ленин кўчасидаги Биби Марям шафоат черковига ҳамда Таги-Заде кўчасидаги Келе-Нумаз синагогига ҳужум уюштирган.

Ҳужум қилганлар черков ва синагог биноларини автоматлардан ўққа тутган, деб хабар беради ИИВ. Ҳужум натижасида синагогда ёнғин бошланган.

Россия яҳудийлар конгресси аниқлик киритишича, Дербентдаги синагогга ҳужум кечки ибодат бошланиши арафасида амалга оширилган.

Худди шу вақтда номаълум шахслар Маҳачқалъада отишма бошлаган. Бу ерда Ермошкин кўчасидаги йўл-патрул пости, шунингдек яқин атрофдаги синагог ўққа тутилган.

Шунингдек, Орджоникидзе кўчасидаги Авлиё Успенский кафедрал собори атрофида ҳам отишма рўй берган.

Ҳужум вақтида черковга 19 киши қамалиб олган — улар руҳонийлар ва ибодатга келган диндорлар эди. Кейинроқ ИИВ ходимлари уларни хавфсиз жойга олиб чиқишган.

Маҳачқалъадан 65 км жанубда жойлашган Сергокала қишлоғида ҳам отишма келиб чиққан.

Бу ерда номаълум шахслар полиция машинасини ўққа тутган, натижада ходимлардан бири жароҳатланган.

Қурбонлар тўғрисида нималар маълум?

Маҳачқалъадаги отишма

Россия ИИВ аввалига камида олти нафар полициячи ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.

Доғистон муфтияти эса тўққиз киши, жумладан икки фуқаро ҳамда етти полициячи ҳалок бўлганини билдирди.

Кейинроқ Дербентда Доғистон чироқлари (Дагестанские Огни) шаҳри полиция бўлими бошлиғи оғир жароҳат олгани хабар қилинди. Кўп ўтмай у вафот этди.

Тунда ҳалок бўлган полициячилар сони 15 нафарга етгани маълум бўлди.

Дербентдаги черковга ҳужум оқибатида протоиерей Николай Котелников ва черков қўриқчиси ҳалок бўлган.

Рус православ черковига кўра, Котелников черковда 40 йилдан буён хизмат қилиб келарди. Доғистон жамоатчилик кузатуви кенгаши руҳонийни бўғизлаб ўлдиришганини маълум қилган.

Ҳужум қилганларнинг шахси бўйича расмий маълум қилинмаган. Россия нашрлари хабарига кўра, ўлдирилган жангарилардан уч нафари Доғистоннинг Сергокалинский райони раҳбарининг ўғиллари ва қариндошлари бўлган.

Сергокалинский райони раҳбари Магомед Омаров қўлга олинган ва сўроқ учун олиб кетилган, деб хабар беради РИА Новости кучишлатар тузилмалардаги манбасига таяниб.

«Магомед Омаров қўлга олинган ва тергов қилинмоқда, дастлабки маълумотларга кўра, терактда иштирок этган жангарилар орасида унинг ўғиллари ҳам бўлган», — деган агентлик суҳбатдоши.

Душанбага ўтар кечаси Омаров «Единая Россия» партиясидан чиқарилгани маълум бўлди.

Мавзуга оид