Ветнам ташқи ишлар вазири: АҚШ - бизнинг «стратегик ҳамкоримиз»
Ветнам ташқи ишлар вазири Буй Тхан Шон Қўшма Штатларни «стратегик муҳим ҳамкор» деб атади. Аввалроқ Ветнам Россия Федерацияси билан бир қатор ҳамкорлик шартномалари тузганди.
Ветнам Қўшма Штатларни «стратегик муҳим ҳамкор» деб билади ва Оқ уй билан иқтисодий, сармоявий, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ветнам ташқи ишлар вазири Буй Тхан Шон АҚШ давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани масалалари бўйича ёрдамчиси Дэниел Критенбринк билан учрашуви чоғида айтиб ўтди, деб ёзади 23 июн, якшанба куни Vietnam Plus газетаси.
Критенбринк Ветнамга 21 июн куни, Россия президенти Владимир Путин ташрифидан бир кун ўтиб амалий ташриф билан келди. Давлат котиби ёрдамчиси ва Ветнам ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўртасидаги учрашув шу куни бўлиб ўтди, дея аниқлик киритади газета.
«Ветнам бир-бирининг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий институтларини ҳурмат қилиш асосида самарали, барқарор ва мазмунли ривожланиш йўлида Қўшма Штатлар билан кенг қамровли стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр», — дея Буй Тхан Шоннинг сўзларини келтиради Vietnam Plus.
Ўз навбатида, Дэниел Критенбринк АҚШнинг «кучли, мустақил, ўзига ишонган ва гуллаб-яшнаган Ветнамни» қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади, деб ёзади газета.
Россия ва Ветнам мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
20 июн куни Россия президенти Владимир Путин Ханойда Ветнам президенти То Лам ва мамлакат Коммунистик партияси раҳбари Нгуен Фу Чонг билан учрашди. Ташриф якунлари бўйича таълим, тиббиёт, энергетика, мудофаа соҳаларида икки томонлама ҳамкорликка оид ўндан ортиқ шартномалар имзоланди.
«Мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик Россия-Ветнам муносабатлари тизимида алоҳида ўрин тутади» ва учинчи давлатларга қарши қаратилмаган, дея таъкидлади томонлар. Бундай ҳамкорликнинг мақсади «Осиё-Тинч океани минтақасида ва бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга» ҳисса қўшишдир, дейилади ТАСС иқтибос келтирган ҳужжатда.
Мавзуга оид
17:40
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
17:05
АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
16:18
“Канални савол-жавобсиз қайтариб оламиз” – Трамп Панамага таҳдид қилди
15:04