Жамият | 19:13 / 28.06.2024
6226
1 дақиқада ўқилади

Сирдарёда юк машинаси йўловчи автобуси билан тўқнашди

Юк машинаси йўлнинг ўнг томонида тўхтаб йўловчи тушираётган автобуснинг орқа томонидан келиб урган. Оқибатда автобус ағдарилиб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида юк автомобили ва автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса бугун, 28 июн куни соат 12:30 ларда юз берган.

Маълум қилинишича, М-34 автомобил йўлининг Сирдарё туманидан ўтувчи, Термиз-Тошкент йўналишида Isuzu юк машинаси йўлнинг ўнг томонида йўловчиларни тушириш учун тўхтаб турган Isuzu автобусининг орқа қисмидан келиб урган. Ўша пайтда автобус ичида 14 нафар йўловчи бўлган.

Оқибатда, автобус ағдарилиб кетган ва салонида бўлган бир нафар йўловчи жароҳат олиб, Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Қайд этилишича, ҳозирда Сирдарё тумани ИИБ ходимлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Барча ҳайдовчилардан тезликни оширмай оралиқ масофани сақлашларини ҳамда чарчоқ ва уйқу келганида автомашинани бошқармасликларини сўраймиз”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид