Ўзбекистон | 13:57 / 05.07.2024
15544
3 дақиқада ўқилади

4 та туман солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимидан озод этилди

Қашқадарё, Андижон, Фарғона вилояти солиқ бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари, Пахтаобод, Избоскан, Шароф Рашидов ва Янги Наманган тумани солиқ инспекцияси бошлиқлари ҳамда 25 нафар масъуллар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Улар огоҳлантиришлар, профилактик суҳбатлар, кўрилган интизомий чоралардан хулоса чиқармасдан хато ва камчиликларга йўл қўйган.

Фото: Солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Солиқ қўмитаси соҳада фаолият юритаётган бир гуруҳ масъуллар ва ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди. Бу ҳақда қўмитанинг Ҳайъат мажлисида айтиб ўтилган.

Маълум қилинишича, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев раҳбарлигида кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси ўтказилган. Унда I ярим йиллик якуни ва III чоракдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда жорий йилнинг I ярим йиллигида бюджетга 85,8 трлн сўм миқдорида солиқ тушумлари таъминланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,5 фоизга, ҳудудларда 24,4 фоизга, туманларда 37 фоизга ўсганлиги қайд этилган. Мол-мулк солиғи тушумлари 37,6 фоизга, ер солиғи 31,2 фоизга, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ 21 фоизга, АОС 19 фоизга ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 18 фоизга ўсган.

Ҳудудларда фойда солиғи тушуми 32,3 фоизга ва ҚҚС 20,6 фоизга ўсган, Пенсия жамғармасига 23,1 трлн сўм туширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 трлн сўмга ошган.

“Шу билан бирга, айрим ҳудудлар ва соҳаларда июн ойи якунларига кўра, “ДСБ маъмурчилиги” дастури асосида “корхонабай” ишлаш тизими самарадорлик кўрсаткичи паст бўлганлиги танқид остига олинди. Масалан, Жиззахда 54,8 балл, Қашқадарёда 57,1 балл, Навоийда 58,2 балл, Андижонда 58,7 балл ва Сирдарёда 59 баллни ташкил этди”, дейилади хабарда.

Йиғилишда хизмат вазифасини бажариш ва солиқ маъмурчилигини таъминлашда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимлар фаолияти жиддий танқид қилиниб, ташкилий масалалар кўриб чиқилган.

Жумладан, берилган огоҳлантиришлар, профилактик суҳбатлар, кўрилган интизомий чоралардан хулоса чиқармасдан хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган Қашқадарё, Андижон, Фарғона вилояти солиқ бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари, Пахтаобод, Избоскан, Шароф Рашидов ва Янги Наманган тумани солиқ инспекцияси бошлиқлари ҳамда 25 нафар масъуллар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, 150 нафарга яқин ходимга интизомий чоралар белгиланиб, 15 нафар ходимнинг унвони 1 поғонага пасайтирилган.

Мавзуга оид