Сув ўлчайдиган ибтидоий “инновация” – “Ўзсувтаъминот” Навоийда сувни исроф қилмоқда
Кармана тумани марказидаги кўп қаватли уй ёнига ўрнатилган сув минорасида сувни ўлчаш учун ўзига хос “инновация” қўлланган: миноранинг тепа қисмига қувур ўрнатилган. Минора тўлганида ушбу қувурдан сув оқиб, исроф бўлиб ётади. Маҳаллий аҳолига кўра, бу ҳолат тез-тез такрорланади. Ўзбекистонни яқин келажакда сув танқислиги кутаётгани прогноз қилинаётган бир пайтда “Ўзсувтаъминот”нинг бу эътиборсизлиги тушунарсиз.
Навоий вилоятининг Кармана туманида бир йилдан буён ичимлик сув исроф бўлмоқда. Уни исроф қилаётган эса бегона эмас – “Ўзсувтаъминот” АЖ.
Ибтидоий “иновация”
Гап шундаки, туман марказидаги бир нечта кўп қаватли уй ёнига катта сув минораси ўрнатилган. Ушбу “бочка” ҳар вақтдан сувга тўлдирилади. Унинг тўлганини билиш учун эса минора тепа кичик қисмига қувур ўрнатилган. Агар ушбу қувурдан сув оқиб тушса, демакки “бочка” тўлганини англатади.
Аммо буни назорат қилиб турадиган одам гоҳида ўз вақтида минора сувга тўлганини сезмайди ва сув соатлаб пастга оқиб, исроф бўлиб ётади. Ҳудудда яшовчи аҳолининг билдиришича, бу ҳолат тез-тез такрорланади.
“Бир минутда қанча сув исроф бўлади? Бу сув камида 10 минутдан ортиқ вақт давомида оқиб қолганда-чи? Мана, ичимлик сувга муносабат, бу сувга кетган харажат, харажатни қоплаш гарданига тушган истеъмолчилар... “Ўзсувтаъминот” нима деркан дейишдан наф йўқ, чунки масала кўп кўтарилди. Масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратиш керак. Инновацион туманда инновация қўлланмаган соҳалардан бири бу”, деб ёзди ушбу кўп қаватли уйда яшовчи журналист Санжар Қурбонов ўз саҳифасида.
“Африка қурғоқчилиги бошимизга тушмасин”
Ушбу ҳудудда яшовчи вилоятнинг яна бир фаоли Жонибек Шуҳратов эса масала ўтган йили кўтарилганида яқин келажакда Африка қурғоқчилиги Ўзбекистон болалари бошига ҳам тушиши мумкинлигидан хавотир билдирганди.
“Уйимнинг деразасидан сал нарироқда сув минораси бор. Ҳар куни сув минорасидан тонналаб ичимлик суви тошади. Сув минора устидаги махсус тешикдан тошиб тушмагунча ўчирилмайди. Бу тешик сув тўлганини билдирувчи белги ҳисобланади, XXI асрдаги “инновацион ғоя”. Мабодо қоровул ухлаб қолган бўлса, тамом, керак бўлса битта маҳаллага етадиган сув исроф бўлади. Вилоятда шу каби минорадан қарийб 400 та бор. Битта игна тешигидан бир суткада 7 литр сув оқиши мумкин экан. 400 та сув минораси трубасидан-чи?
Илгари қурғоқчилик деса Африка болаларини кўрсатар эдик. Агар сувга нисбатан муносабатимиз “сувтекин” шаклида давом этса, яқин келажакда Африка қурғоқчилиги бизнинг болаларимиз бошига ҳам тушади”, деганди у.
Хавотирли рақамлар
2050 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15-25 фоизга етиши мумкин Бу Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилида келтирилган.
Унга кўра, Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятини қурғоқчилик, сув танқислиги, тупроқ деградацияси ва чўлланиш каби муаммолар ташвишга солмоқда. Иқлим ўзгариши оқибатида 2050 йилга бориб, Тян-Шан ва Помир тоғ тизмаларидаги жами музликларнинг 30-50 фоизгача бўлган қисми эриб кетиши ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида сувга бўлган талаб 50 фоизгача ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда сув танқислиги ўртача 15-25 фоизга, чўлланиш даражаси эса 123 млн квадрат метрга етиши мумкин.
Пулини ким тўлайди?
Kun.uz аввалроқ ҳам ушбу масалани кўтарганди. Аммо орадан қарийб 1 йил ўтганига қарамай “Навоий сув таъминоти” АЖ раҳбарияти ушбу масалага эътибор қаратмагани маълум бўлди. Бу муддатда қанча сув оқиб, исроф бўлганини эса тахмин қилиш қийин эмас.
Навоийда 1 куб метр сув учун 3050 сўм тўланади. Муаммонинг яна бир жиҳати – исроф бўлган шунча сувнинг пули қайси манбалардан қопланишида.
Республикада бу каби минглаб сув миноралари борлиги ҳисобга олинса ва уларда ҳам шундай “инновация” қўлланган бўлса, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг янги тайинланган раҳбари бунга жиддий эътибор қаратиши керак бўлади. Негаки, яқин келажакда 1 литр сувнинг қиймати қай даражага етишини бугун тасаввур қилиш мумкин.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
14:48 / 18.12.2024
Навоийда 33 ёшли эркак ўлдирилиб, Зарафшон дарёсига ташлаб юборилди
10:49 / 15.12.2024
Андижон ва Навоийда ноқонуний ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
13:10 / 11.12.2024
Навоийда электромонтёр 12 кишининг номига кредит олиб, онлайн қиморга ютқазиб қўйди
16:26 / 07.12.2024